Одам савдоси жоҳилликдир

Инсон қадри азиз, шаъни, ор-номуси дахлсиздир. Динимиз инсон қадрини эъзозлайди, кишиларни хўрлашдан, қул қилишдан қатъий қайтаради. Динимизга кўра, ирқи, насаби, миллати, бойлиги, мансаби ва жамиятдаги ўрнидан қатъий назар, барча инсонлар тенг ва ҳурдир. Илк даврларданоқ Ислом дини қулчиликни, одам савдосини қаттиқ қоралаган. Қул озод қилишни фазилат сифатида ибодат даражасига кўтаради. Аллоҳ таолонинг амри мусулмонлар йўл қўйган турли хато, камчилик ва гуноҳлар эвазига бир ёки ундан кўп қул озод этиш вазифаси жорий этилди.

         Минг афсуски, хозирги кунимизда озгина мол-дунёга берилиб, ўз юртдошларини, маҳалладошларини алдаб, сотиб юбораётган инсонлар ҳақида эшитяпмиз. Бу ҳам айни жоҳилликдир.

         Бундай кимсаларнинг нопок қилмишлари боис ўзга юртларда азоб чекаётганлар оз эмас.

         Қаерда бўлмайлик, одам савдоси соғлом жамиятга жиддий хавф солиши, халқимиз, миллатимизга ёт, динимизга зид иш эканини ҳаётий мисоллар ва ишончли далиллар асосида кишилар онгига сингдиришимиз зарур. Зора қабиҳ ишларни қилаётган кимсалар бу жирканчликдан қўлларини тортиб, Аллоҳ таолога чин тавба-тазарру қилишса. Очиқ кўнгил юртдошларимизга, катта ҳаёт остонасида турган ёшларга эса “Қадрингизни билинг, илм ва ҳунар ўрганинг”, деймиз. Ҳақиқатни билган, қалби уйғоқ киши нафсини жиловлай олади. Ризқ Аллоҳдан эканига имон келтириб, ёмонларнинг ваъдасига алданмайди.

         Одам савдоси – давр муаммоси. Уни таг-томири билан йўқ қилишга қодирмиз. “Менга нима”, қабилида иш кўрмай қизини хорижга жўнаётганларни бў йўлдан қайтарсак, ўзга юртларга отланган маҳалладошларимизни ўйлашга чорласак, ватандошларини ўзгаларга қул қилиб сотаётган кишиларнинг виждонини уйғотсак, бу муаммо аста-секинлик билан бўлса-да, якун топади.

Аъзам ШАРАПОВ

Мингбулоқ тумани “Гулбоғ” жоме

масжиди имом-хатиби