ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ ФАЗИЛАТИ

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ ФАЗИЛАТИ

 

Ота-онанинг ҳаққи-мартабасини билмаслик, яъни ота-онага оқ бўлиш энг катта гуноҳларадан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай дейдилар: “Энг катта гуноҳлар ҳақида сизларга хабар берайинми? Улар:  “Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлишдир”. “Тўрт тоифа инсонлар (қилган ишларидан) тавба қилмаган бўлсалар жаннатга кирмайдилар ва жаннат неъматларини татиб ҳам кўрмайдилар. Улар: “Маст қилувчи ичимликларни кўп истеъмол қилган киши, (ризқини) судхўрликдан ейдиган киши, етимларнинг молини ейдиган киши ва ота-онасига оқ бўлган кишилардир”.

Ота-онасига оқ бўлиб, ҳаётларида уларнинг розилигини олмасдан вафот этган кишилар ҳар қанча яҳши амал қилган бўлсинлар, ҳоҳ тавба қилмаган бўлсинлар жаннатга кирмайдилар. Фарзанднинг ота-онасига оқ бўлиши учун уни ота-онаси “оқ қилдим” дейиши шарт эмас. Ўзи тўқ бўлиб, ота-онасининг оч ўтиришига лоқайдлиги ёки уларни дилини оғритадиган ишларни мудом қилиши ёки уларни қалбларида норозилик уйғотадиган амалларни содир қилиш фарзанднинг ота-онасига оқ бўлишига олиб келади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онаси ёки улардан бири унинг ҳузурида кексалик ёшига етса-ю, уларнинг хизматини қила олмаган фарзанднинг бурни ерга ишқалсин”, дедилар.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга шундай ваҳий қилган экан: “Эй, Мусо! Ота-онангни улуғлагин. Кимки ота-онасини улуғласа, унинг умрини узун қилиб, унга ҳам уни улуғлайдиган фарзанд бераман. Ким ота-онасига оқ бўлса, умридан қисқартириб, унга ҳам оқ бўладиган фарзанд бераман”.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг ўсиб, камолга етишида ота-онанинг хизмати беқиёсдир. Ота-она фарзандига дунёдаги бор яхшиликларни истайди. Фарзандини келажакда комил инсон бўлиб вояга етиши учун қўлидан келган барча имкониятларни муҳайё қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида ҳам ота-онага, хоссатан онага кўпроқ яхшилик қилишга буюрганлар.

Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Ё, Расуллуллоҳ, менинг яхши муомала қилишимга ким ҳақлироқ?” деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!” – деб айтдилар. У: “Яна ким?”-деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!” – дедилар. У: “Яна ким?”-деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!” – дедилар. У тўртинчи бор: “Яна ким?” деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ бу сафар: “Отанг!” деб  жавоб қилдилар. Мазкур ҳадисдан онанинг фарзанд зиммасидаги ҳақи отанинг ҳақидан бир неча бор катта эканлиги, агар ҳар иккаласи баробар ҳолда фарзандини чорласалар, аввал онанинг чақириғига жавоб бериш лозимлиги маълум бўлади. Чунки фарзанднинг вояга етишида онанинг ҳиссаси кўпроқдир. У ҳомилалик вақтида тўққиз ой фарзандини қорнида кўтариб юради. Сўнг гўдаклик вақтида уни икки йил эмизиб, қанча-қанча тунларни бедор ўтказади. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб бир киши онасини кўтариб Каъбани тавоф қилаётганини кўрди. Шунда у киши: “Эй, ибн Умар! Нима дейсиз, мен онамнинг ҳақини бажардимми?” деганларида, Абдуллоҳ ибн Умар у кишига: “Туғруқ вақтидаги бир дақиқасининг ҳақини ҳам адо қила олмадинг, лекин сен яхши ин қилдинг. Аллоҳ таоло сенинг бу озгина яхши амалинг учун кўп савоблар бергусидир”, дедилар.Аллоҳ таоло ўзининг Каломи шарифида шундай дейди: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “УФ!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Исро, 23-24)

Аллоҳ таоло бандаларига қатъий қилиб фақат Ўзигагина ибодат қилмоқликка ва ота-онага яхшилик қилишга буюради. Уларга яхшилик қилишни ибодат даражасига кўтарди,  ҳатто ота-онага яхшилик баъзи ибодатлардан ҳам афзалроқдир. Ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиб, мудом уларнинг ҳолидан хабар олиб хизматида бўлиш, улар ёқтирмаган нарсалардан йироқ бўлиш, улар вафотидан кейин дўстлари ҳолидан хабар олиб туриш ҳам уларга нисбатан яхшилик қилиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандаларнинг ота-онасига ҳатто “уф” деган сўзни айтмасликка буюради. “Уф”  калимаси бирор нарсадан безор бўлиб, аслида инсон ўзига етган чанг-ғубор ва шунга ўхшаш ёқимсиз нарсаларни ўзидан даф қилиш учун айтиладиган сўздир. Шунингдек, оятда ота-онага бақирмасликка буюрилган бўлиб, уларнинг ҳузурида бошқага бақириш ҳам ота-онага нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Жумладан, уларга дунёдаги энг яхши, чиройли сўзларни топиб сўзлашга ҳамда улар хизмати учун ўзини хору хоксор тутишга буюриладики, бу ота-онанинг  фарзанди олдида нечоғлик улуғ мартабада эканлигини англатади.

Эй, фарзанд! Ота-онангнинг хизматини қилиб, уларнинг дуосини ол. Улар қилган дуонинг шарофати ва баракоти билан эл орасида обрў-эътиборли инсон бўлиб, умргузаронлик қил! Уларнинг дуоси билан Аллоҳнинг розилигини топиб, икки дунёингни обод қилгин!

 

Нуруллоҳ ЖАМАЛОВ,

Наманган шаҳридаги “Яҳёхон тўра”

жоме масжиди имом-хатиби