РАМАЗОН – ЭЗГУЛИК ОЙИ...

Рамазон халқимиз томонидан асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида алоҳида қадрлаб келинади.

Бу ойда инсонлар бир-бирларидан меҳр-мурувватларини аямайдилар. Силаи раҳм ва меҳр-муравват кўрсатишга Рамазондан олдин алоҳида эътибор билан ёндашиш янада мақсадга мувофиқ. Бунда фақат моддий жиҳат асосий ўринда бўлмайди. Балки имконини топганлар моддий тарафдан, бошқалар яхши муомала, очиқ чеҳра ва табассум, икки оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам одамлар қалбига хурсандчилик киритишлари, бева-бечоралар кўнглини тоғдек кўтаришлари мумкин.

Бу ой бошланишидан аввал имкони борлар қийналган, қаровчисини йўқотган мискин ва бечораларга моддий тарафдан ёрдам берсалар, уларнинг дуоси шарофатидан дунё ва охират ишларига барака киради. Кўпчилик Рамазонда ифторлик қилиб кимўзарга ўйнайди. Аслида ифторликнинг энг яхшиси ҳақдорларга таом бериш ва уларни либос билан таъминлашдир.

Рамазон кишилар ўртасидаги адоват, жанжал, аразлашиш, гина-кудуратларга барҳам бериш ойидир. Сабаби дўсту ёр, ака-ука, опа-сингил, қайнона-келин ўртасида низо бўла туриб, тутилган рўзалар ва бошқа савобли ишлар мукаммал бўлмайди. Балки ҳамма ишни орани ислоҳ қилишдан бошлаш керак.

Бунда бир тараф иккинчи тарафдан ўзини паст олиб, айби бўлмаса ҳам ислоҳ таклифи билан чиқса жуда яхши бўлади. Ўзи биров билан урушмаган тақдирда ҳам қайси бир банда аразлашганлар орасини ислоҳ қилса, катта ажр ва мартабаларга эришади.

Рамазондан аввал турли хил қарзларни узиш ҳам яхши иш. Албатта агар имконингиз бўлса, кечиктирмай дарров олинган қарзни қайтаринг. Шунда қарз берган одам ҳам хурсанд бўлади, қалбингизга хотиржамлик киради.

Агар имконингиз бўла туриб, қарзни чўзиб юрсангиз катта гуноҳга қоласиз, қарз берган одамга зулм қилган, унинг ҳаққини еб юрган бўласиз.
Зеро, ҳадиси шарифларда тўлашга имкони бор бўла туриб, қарзини пайсалга солиб юриш зулм эканлиги таъкидланади.

Маҳаллалар, кўча-кўй ва уйларимиз ободлиги, покизалиги билан Рамазоннинг файзига файз қўшилади. Сабаби поклик имондандир. Бу ишни Рамазондан бошқа вақтларда ҳам қилиш керак. Аммо Рамазон ойи киришидан аввал тозаликка, покликка яна ҳам эътиборлироқ бўлиш талаб этилади.

Авваллари момоларимиз Рамазондан олдин уй кўтарар қилишарди. Мана шу эзгу амални давом эттириш биз авлодларнинг бурчидир. Бунда эркаклар бош-қош бўлиб, аёллар билан ҳамкорликда, аҳилликда иш олиб борсалар мақсадга мувофиқ бўлади. Поклик деганда фақат уйлар поклиги эмас, балки либос, қолаверса қалб поклиги ҳам назарда тутилади.

Юқорида санаб ўтилган ишларни Рамазондан олдин қилиш яхши. Мусулмон банда йилда бир марта келадиган Рамазон ойини ўзгача тайёргарлик ва кўтаринкилик билан ўтказади. Мана шу хислат унинг имони қай даражада қувватли эканидан дарак беради.


Акмалхон САППАНОВ,

Янгиқўрғон тумани

бош имом-хатиби