РАМАЗОН – ИБОДАТ ОЙИ

Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазонни ниҳоятда кўтаринки рухда, завқу-шавқ билан кутиб олмоқдалар. Улар бу муборак ойнинг кечаларини тоат-ибодатда, кундузларини рўзадор ҳолда ўтказишни ният қилиб қаршилашмоқда. Чунки, Парвардигорлари  Рамазон ойи рўзасини тутишни мусулмонларга фарз қилган. У исломнинг асосий беш рукнидан биридир.

Рамазон ойининг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди. Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури Қуръони карим шу ойда нозил бўлгандир. Ушбу ой ислом тарихига зархал билан ёзилган жуда кўп оламшумул воқеаларга бой. Шу боис бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.

Рамазон ойининг рўзасини тутиш Қуръони карим ва Суннати мутаххара ҳукми билан фарз қилинган. Аллоҳтаъоло бу ҳақда бундай мархамат этади: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдингиларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди. Шояд тақволи бўлсангиз” (Бақара, 183).

Аллоҳ таоло мўминларга қарата олдин ўтган  бошқа қавмлар каби Ислом умматига ҳам рўза фарз қилингани хабарини беряпти ва рўза тақводорлар белгиси эканини ҳам таъкидлаяпти. Зеро, рўза ибодати билан нафс тарбияланади, шаҳвоний ҳою ҳаваслар жиловланади. Рўза тутиб, инсон комил ҳулқларга эга бўлади. Комил ҳулқли инсонлар яшаган жамиятда осуда ва тинч-осойишта ҳаёт хукм суради.

Бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид, яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакга мухтожинсонлар бўлса, аввало, қилажак яхшилигимизни ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз тарғиботига мувофиқдир.

Кейинги йилларда муҳтарам Юртбошимиз ташаббусларибилан Рамазон ойи арафасида ушбу муқаддас ойни муносиб ўтказиш тўғрисида алоҳида қарор эълон қилиниши эзгу ва гўзал анъанага айланди. Унга ҳалқимиз томонидан асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, саховат ва меҳр-шавқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик бардавом, Муборак Рамазон ойи шарофатидан диёримиз янада кўркам ва ободбўлсин. Ҳалқимизга, элимизга бераётган неъматлари ва баракотларини янада мўл қилсин!

 

Шокиржон МАНСУРОВ,

Учқўрғон тумани бош имоми ва “Саидхон эшон”

жоме масжиди имом-хатиби