РАМАЗОН – КЎМАК ВА ЁРДАМ ОЙИДИР

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ой фазилатини баён қила туриб: “Бу ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгу амал қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз амалнинг даражасини топади ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда етмиш фарз адо этган каби бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу кўмак ва ёрдам ойидир”,  деб марҳамат қилганлар.

Юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, ибодатларимизни ҳеч бир хавф-хатарсиз, Аллоҳ буюрганидай адо этишга муваффақ бўлаётирмиз. Бу ойни меҳр-муҳаббат, хайру-саховат ойига айлантиришлик ҳар биримизнинг бурчимиздир. Атрофимизда  бўлган мискин-фақирлар, етимлар, меҳнат қобилиятини йўқотган ногирон юртдошларимизга қодир бўлгунимизча закотларимизни, фитрларимизни, ушр ва фидяларимизни бериб, уларнинг кўнгилларини олайлик. Зеро, бир мўминнинг кўнглини кўтаришлик Аллоҳнинг байтини тавоф қилишдан ҳам афзалроқ, деб бежиз айтилмаган.

Қилинадиган ифторликларимизни айримларга ўхшаб дабдабабозликка айлантирмай, исрофдан сақланиб, маҳалла-кўйимиздаги беморлар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш, кўнгли ярим инсонларни йўқлаш, етим болаларга ҳадялар бериш каби гўзал инсоний фазилатлар билан уйғун ҳолда бўлишига эришсак айни иддао бўлар эди. Муборак Рамазон кунларида турли хил фойдасиз гап-сўзлар, беҳуда ўйин-кулги, ғийбат, бўҳтон ва ёлғон каби иллатлардан сақланиш рўзадорларнинг фазилатларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўзақалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши у билан уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта рўзадорман десин” дедилар. (Имом Бухорий ривояти).

Бу ойда халқимиз ҳар қачонгидан ҳам саҳийлик, олийҳимматлик кўрсатиб, фақир ва мискин одамларга садақа, эҳсон, таом улашиб саховатда мусобақалашишган. Айниқса, савдогар ва дўкондорлар бу ойда молларини ва озиқ-овқат махсулотларини нархини ҳар қачонгидан ҳам пасайтириб ҳалқимиз олқишини олганлар.

 

Баҳодир ШАРИПОВ,

Чуст тумани бош имоми ва “Мавлоно Лутфуллоҳ”

жоме масжиди имом-хатиби