РАМАЗОН – ОЙЛАР САРВАРИ

Ўлкамизда ойлар сарвари ва саййиди, ўн бир ойнинг султони моҳи Рамазон давом этмоқда. Барчаларимизга бу муборак ойга эсон-омон етишганимиз қутлуғ бўлсин. Яхшиликлар, савоблар кўпайтириб бериладиган ушбу ойни ғанимат билмоқ лозим.

Бу ойда рўза тутиш фарз қилинди. “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдингиларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд тақволи бўлсангиз”. (Бақара, 183)

Ояти кариманинг давомида рўза саноқли кунлар экани, сафардагилар ёки беморлиги сабабли рўза тута олмайдиган кишилар бошқа куни рўза тутиб берсалар жоиз эканлиги ҳақида тўхталинган. Шу билан бирга ўта ёши кексаларга рўза тутмасликка руҳсат берилгани ва ҳар бир куни учун фидяни беришлари кераклиги айтиб ўтилган.

Дунёдаги барча мусулмонлар Рамазон ойини катта тайёргарлик билан кутиб олишга ҳаракат қилишади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари ҳам бу ой келганида ҳурсандчилик қилишарди. Рамазон кунларида уруш-жанжал, ғийбат, бўҳтон, фитна каби ишлардан бошқа ойларга нисбатан ҳам қаттиқ сақланишган. Бу ойда ҳар қачонгидан сахийлик ва олийҳимматлик кўрсатиб, фақир ва мискинларга садақа, эҳсон, таомлар улашишган. Савдогарлар бу ойда молларининг, айниқса, озиқ-овқатларининг нархини ҳар қачонгидан анча пасайтиришган.

Бу ойнинг улуғлиги ва фазилати, ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош уруғларимиз орасида кўмакка муҳтож инсонлар бўлса, аввало, қиладиган яхшилигимизни ана ўшалардан бошламоғимиз, қилинадиган ифторликларга шуларни чақирмоғимиз, ифторликларни камчиқим, содда ҳолда ўтказиб, орттирилган маблағларни хайру саховатларга сарфламоғимиз муборак динимиз тарғиботига мувофиқдир.

Хулоса қилиб айтганда бу ой савобли ишларни кўпайтириб олинадиган ой. Бу ойни ғанимат билиб, энг эзгу ва хайрли ишларни қўлимиздан келганича кўпайтириб олсак мақсадга мувофиқ бўлади.

 

 

Мусаллимхон АХУНЖАНОВ,

Наманган шаҳридаги “Мулла Бозор Охунд”

жоме  масжиди имом-хатиби