РАМАЗОН – ОЙЛАРНИНГ СУЛТОНИ

Юртимизга ойларнинг сарвари ва саййиди, ўн бир ойнинг султони, фазилати жиҳатидан бошқа ойлдардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюрди. Интизор кутилган муборак айём барчамизга қутлуғ бўлсин. Яхшиликлар, савоблар кўпайтирилиб бериладиган шу кунларда ибодатларни, солиҳ амалларни бизга буюрилганидек бажаришга эришайлик. Зеро, Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”, деб марҳамат қилинган.

Ушбу ойнинг фазилатини олий қилувчи икки нарса борки, уларнинг биринчиси, Қуръон нозил қилинган бўлса, иккинчиси Қадр кечасининг борлигидир. Бу ойда барча мусулмонлар турли хил фойдасиз гап-сўзлар, уриш-жанжал, ғийбат, бўҳтон, ёлғондан сақланганлар. Сахийлик, олийҳимматлилик кўрсатиб, фақир ва мискин одамларга таом улашишган, рўзадорларга ифторлар уюштирилган.

Юртбошимиз томонидан Рамазон ойи арафасида уни муносиб ўтказиш тўғрисида алоҳида қарор эълон қилинди. Мазкур тадбирни ўтказишда муборак Рамазон ойнинг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз ақидаларини эъзозлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг қадамжоларини обод этиш борасида кенг кўламли савоб ва тарғибот ишлари ташкил этилиши белгилаб берилган. Оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

Шундай экан, бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан, баракотидан умид қилиб, яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий, маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса, ана шулардан хабар олайлик, ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобдан бебаҳра қолмайлик.

 

 

Муҳибулло ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Тўрақўрғон тумани бош имоми ва

“Исфахон” жоме масжиди имом-хатиби