РАМАЗОН – ПОКЛАНИШ ОЙИ....

Бугун дунё мусулмонлари каби юртимиз аҳли ҳам Рамазон ойини орзиқиб кутишади. Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, мустақиллик шарофати билан Рамазон рўзасини эмин-эркин тутиш, унинг фазилатлари, фойдали томонларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш имконига эга бўлдик. Муборак шариат китобларида Рамазон рўзасининг фазилати ва фойдали жиҳатлари шундай баён этилган: рўза билан нафс тарбияланиб, шаҳвоний ҳою-ҳаваслар жиловланади. Рамазон ойида рўза тутиш ақли расо, балоғат ёшига етган, узри бўлмаган мусулмон эр ва аёлларга фарздир. Имом Ғаззолий айтадилар: “Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшиликка чорловчидир. Рўза гуноҳлардан тийилиш, жиноятлардан сақланишдир. Оч баданда қалб бир меъёрда ишлайди, ақл тиниқлашади, кўз равшан тортади. Тўқлиқ дангасаликни келтириб чиқаради, қалб нурини ўчиради, зеҳнни ўтмаслаштиради. Кам уйқу ва кам овқат билан қалбларингизга ҳаёт бахш этинг. Шунда қалбларингиз мусаффо бўлади ва тетиклашади”.

         Рўза иродани чиниқтирувчи, нафсни тийишни ўргатувчи, қорни тўқлар қалбида оч-муҳтожларга нисбатан раҳм-шафқат уйғотувчи ибодатдир. Бундан ташқари, йилда бир-бор уйларимизни таъмирлаганимиздек, рўза ошқозон ёки баданни тартибсиз овқатланиш оқибатида келиб чиққан касалликлардан тозалайди, уларга дам беради.

         Рамазон рўзасининг фойдасини айтиб тугатиб бўлмайди. Унинг фазилати ҳақида Ҳадис қуддусийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг амаллари ўзи учун, аммо рўа мен учун, унинг мукофотини ўзим бераман”, деб марҳамат қилади. Муборак Ҳадиси шарифда: “Бй ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари эса беркитилади, шайтонлар кишанланади”, дейилган.

         Ҳа, Рамазон ойи бу – покланиш ойи. Берилган имкониятдан оқилона фойдаланиб, гуноҳлардан покланайлик, бежизга “Агар умматларим Рамазон ойи фазилатларини билишганда эди, шояд йил ўн икки ой рўзи Рамазон бўлса эди, деб орзу қилишарди”, деб айтилмаган ҳадиси шарифда.

 

Ғуломжон САТТАРОВ

Наманган тумани “Турсун ача”

жоме масжиди имом-хатиби