РАМАЗОН – РАҲМАТ ВА МАҒФИРАТ ОЙИ

    Ҳижрий тақвимнинг тўққизинчи ойи бўлмиш Рамазон илк бор шиддатли жазирама иссиқ, куйдирадиган ҳароратли кунларга тўғри келгани учун “Рамазон” деб аталган. Рамазон дегани “рамз” сўзидан олинган бўлиб, “қизимоқ”, “қизиб чўғ бўлмоқ”, “куйдирмоқ” маъноларини англатади. Шунинг учун мазкур ойда рўза тутган одамнинг гуноҳлари куйиб, йўқ бўлади, айбу нуқсонлари Рамазоннинг муборак қуёшида йўқ бўлиб кетади.

   Бу ойда рўза тутишлик фарз қилинган. Инсон рўза тутиш орқали ҳам руҳий, ҳам жисмоний озуқа олади. Рўза сабр қилишга, риё ишлар ҳамда ўзи ёлғиз қолганда ҳам, инсонлар орасида бўлганда ҳам гуноҳ қилмасликка, машаққатларга бардошли бўлишга ўргатади.

  Рўза тутган киши очлик ва чанқоқлик орқали дунёнинг турли жойларида қанчадан-қанча инсонлар оч-наҳор юрганини ҳам ҳис қилинади. Ўзи яшаётган ҳолатига шукр қилишни ўрганади. Қолаверса, баъзи бир касалликлар очлик орқали ҳам даволанар экан.

 Рамазон рўзаси ҳар бир ақли заиф бўлмаган, соғлом, балоғатга етган ва мусофир бўлмаган муқим одамга фарздир. Мусофирликда юрган киши тутиш ёки тутмасликда ихтиёрлидир.

 Ҳомиладор ёки эмизикли аёллар ўзларига ва болаларига зиён етмайдиган бўлса, рўза тутадилар, аммо зиён етадиган бўлса ўтказиб юборган рўзаларининг қазосини кейинчалик тутиб берадилар.

 Улуғ ёшдаги бобо ёки момо рўза тутишга қийналадиган бўлсалар рўза тутмайдилар. Унинг ўрнига фидя берадилар. Шунингдек, тузалмайдиган касалмандлар ҳам фидя берадилар.

  Демак, рўза тута олмаган бемор ёки ёши кекса кишилар имкони етарли бўлса ҳар бир куни учун юқоридаги фидяни камбағалга беради. Аммо имконияти етарли бўлмаса ҳар бир куни учун 2 кг буғдойнинг нархи миқдорида камбағалларга фидя сифатида беришади.

 Рамазон ойида қилинган садақалар, хайр-эҳсонлар бошқа ойлардан кўра афзалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари табиатан сахий эдилар, рамазон кириши билан эса саховатлари, яхшиликлари оммавий, узлуксиз бўлиб кетар эди. Рамазон ойида қилинган яхшиликлар бошқа ойлардагидан етмиш баробар ортиқ бўлиши ҳақидаги ҳадиси шариф (Байҳақий ривоятида) ворид бўлган. Иброҳим Нахаийдек тобеин: “Рамазон ойида бир марта тасбиҳ айтиш бошқа ойларда минг марта айтишдан яхшироқдир”, деган эканлар.

 Демак, бу ойнинг ҳурматини ҳам билиш керак экан. Аразлашиб юрган инсонлар бир-бирларига қучоқ очишлари, турли фитна-фасод келтириб чиқарадиган гап сўзлардан тийилиш, атрофдагиларга фақат кўнгилни кўтарадиган сўзлар айтиши лозим экан. Мусибатзада инсонлардан кўнгил сўрашимиз, ота-она, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар, ёрдамга муҳтож кишилар, беморларнинг ҳолидан хабар олишни бошқа ойларга нисбатан кўпайтириш керак.

 Яна бир нарсани унутмаслигимиз керак. Бу ойда қилинган савобли ишимизга бошқа ойларга нисбатан кўпроқ савоб олиш баробарида, шу ойда қилган ёмон ишимизга бошқа ойларга нисбатан кўпроқ гуноҳни елкамизга юклаб оламиз.

 Рамазон ойида покизалик, саранжом-саришталикка ҳам эътибор қаратиш лозим бўлади. Маҳаллаларимиз, кўчамиз, ҳовлиларимиз тозалигига аҳамият беришимиз зарур. Зеро, Рамазоннинг аввалги ўн куни раҳмат ёғилиб турадиган, иккинчи ўн куни гуноҳлар кечириладиган, учинчи ўн куни дўзахдан озод қилинадиган кунлардир. Аллоҳнинг раҳмати покиза жойга ёғилади, нопок жойга эмас.

 

 

Анвархон АКРАМОВ,

Наманган шаҳридаги “Мулла Бозор Охунд”

жоме масжиди имом-ноиби