РАМАЗОН – САБР ВА МАҒФИРАТ ОЙИ

    Мамлакатимиз Давлат мустақиллигига эришганидан бери бошқа соҳалар каби динимизга ҳам катта эътибор бериб келинмоқда. Халқимиз диний расм-русм, урф-одатларни эмин-эркин бажариш бахтига муяссар бўлмоқда. Хусусан, Рамазон ойи арафасида ушбу муборак ойни муносиб ўтказиш тўғрисида алоҳида қарорлар қабул қилиниши эзгу анъанага айланди. Унда халқимиз томонидан асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, саховат ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида нишонланиб келаётганмуборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятга эътибор қаратилмоқда.

         Жумладан, жамиятимизда қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос эзгу фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, улуғлаш асносида ёш авлодни ҳам миллий анъана ва урф-одатларимизни эъзозлаган ҳолда Ватанига садоқатли бўлиш руҳида тарбиялашга тарғиб этиляпти.

         Мана, бу йилги Рамазоннинг бир неча кунини ҳам эсон-омонлик, тансиҳатликда адо этиб келмоқдамиз. Бунинг учун беадад шукурлар айтиб, барчани ушбу муборак айёмга эсон-омон етишганлари муносабати билан муборакбод этамиз. Яхшиликлар, савоблар кўпайтирилиб бериладиган ушбу ойда барча ибодатларни, яхши амалларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларига мувофиқ адо этишимизга муяссар айлашини сўраймиз.

         Аллоҳ таоло Рамазон ойида рўза тутишликни фарз қилди ва уни раҳмат ва мағфират ойи дея атади. Ҳақиқатан, бу ой бизларга нафсимизни тарбия қилишда ёрдам беради. Барчамиз рўза тутиш орқали нафсни тийиб, сабр қилишликни ўрганамиз, муҳтожларга меҳр-шафқат кўрсатишга интиламиз. Арча пайғамбарлар ҳам нафс тарбиясида шу ибодатдан фойдаланганлар. Агарда инсон мана шу ибодат машаққатига сабр қилса, уни муҳаббат билан адо этса, ушбу кунларда кўпроқ эҳсон (садақа)лар қилса, охират қийинчиликларидан қутилади.

         Рамазоннинг фазилати ҳақида расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматларим ҳар қайси ойда қилган бир яхши, солиҳ амали учун бир савоб олади. Аммо Рамазонда эса Аллоҳ бири учун ундан то етти юзгача ва ундан зиёда қилиб беради.

         Фарз ибодатларининг биттаси учун бошқа ойларда бажарга етмиш фарзнинг савоби, нафллари-қўшимчалари учун эса бошқа оларда бажарган фарзнинг савобини беради.

         Бу ойда сабр ойи, сабрнинг самараси эса жаннатдир. Бу ой мўминларнинг ризқларини зиёда этадиган ойдир. Ким бу муборак ойда бир рўзадорни ифтор ёки саҳарлик қилдирса, бир қул озод қилганнинг савобини топади ва гуноҳлари мағфират қилинади” деганлар.

         Шунинг учун бўлса керак, мулкдор кишилар шу ойда ўз закотларини беришга, саховатпешалар эса денгиз каби тошиб, меҳр-эътиборга интиқ кишиларга меҳру мурувват, хайру саховат кўрсатишга ошиқадилар.

         Демак, бизлар ҳам бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид қилиб, яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса қилажак яхшилигимизни анашулардан бошламоғимиз муборак динимиз таълимотига мувофиқдир.

        

 

Муҳаммадали КАТТАБАЕВ,

Наманган шаҳар “Абу Юсуф”

жоме масжиди имом-ноиби