РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!!!

   Аввало, муборак Рамазон ҳайити қутлуғ бўлсин. Мустақилликнинг ҳар бир лаҳзаси эл-улусга софлик, ризқу баракот ато этмоқдаки бундан қалблар шод. Озод ва обод Ўзбекистон дунё ҳамжамияти ўртасида кундан кунга обрў-нуфузининг юксалиб бораётгани билан шуҳрат қозонмоқда.

   Муборак Рамазон ҳайитининг маънавий ҳаётимизда эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат каби олижаноб қадриятларни қарор топтиришдаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда Муҳтарам Юртбошимизнинг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари эълон қилинди.

   Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ҳеч бир истисносиз бутун бир халқимиз томонидан эътироф этилаётгани муқаддас динимиз ва унинг барча амалларига қонунан эмин-эркинлик берилаётганидан далолатдир.

 Истиқлолимиз биз диний муассасалар ходимларига орзулаб ҳам бўлмайдиган неъматларни берди. Бу ислом дини равнақи, мусулмонларга яратилган эркинликлар ва шароитларда яққол кўзга ташланади. Мусулмонларимиз даҳрий совет тузумида нимага эришган эдилару мустақиллик даврида нималарга эга бўлишди?! Ким эдигу, ким бўлдик?! Бу ҳақда озгина мулоҳаза юритилса, ўйлаб муқояса, мулоҳаза қилиб кўрилса, ҳамма нарса ойдинлашади, ҳақиқат бор қадди билан намоён бўлади.

   Мустақиллик йилларида исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳлар, нодир тарихий манбалар, осори-атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Ўтган йиллар давомида Қуръон, ҳадис, тафсир, фиқҳ, ислом тарихи маданияти ва фалсафасига оид  ўнлаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий меърослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди. Халқимиз барча соҳада эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржамлик ила адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Азиз авлиё, аллома ва фозил инсонларнинг марқадлари тикланди ва кўплаб зиёратгоҳлар таъмирланди. Ҳар йили ҳукуматимизнинг кўмаги билан минглаб ватандошларимиз муборак ҳаж ва умра зиёратига бориб келмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси, албатта, истиқлолимизнинг шарофатидандир. Агар биз ато этилган Аллоҳнинг мана шу неъматларига шукр қилиб, зиммамиздаги бурч ва вазифаларимизни адо этиб борсак, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ояти каримада: “... агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”, - деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррар. Инсон ўзига берилган неъматлар қадрини мулохаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб, қиёслаб кўриши зарур. Бунинг учун шукр келтириш керак. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳ таолога хуш келади. Натижада неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади, инсонни бахт-саодатга эга қилади.

  Шу ўринда, юртдошларимизни Ватанимиз тинчлигини, хотиржамлигини асрашга, мустақиллигимизни қадрлашга чорлаймиз. Яна бир бор Рамазон ҳайити билан бутун ватандошларимизни муборакбод этамиз.

 

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили