РАМАЗОН МУБОРАК

Иймон тўкис, эътиқод мустаҳкам, тил ва дил бирлиги номаи аъмолларимизда зоҳир. Борлиқни яратган, бандаларига эҳсон ва мурувватларини дариғ тутмаган, меҳрибон Аллоҳга берган неъматлари шукронаси сифатида тутадиган рўзамиз иншааллоҳ қабул бўлгай.

Нима учун Ўзбекистонимиз кундан-кун ривожланмоқда, бахт ва омад осмонида тўлин ойдек балқимоқда? Юртдошларимизнинг иймон-эътиқодли, оқибатли, бир-бирларини қўллаб-қувватлаётгани, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилаётганлари, ожизларга, меҳрга муҳтож инсонларга раҳм-шафқатли бўлаётгани, она Ватанимизни чин дилдан севганлари учун ҳам бизларга ризқни баланд қилмоқда, омад, файз-барака ато этмоқда.

Ойларнинг энг улуғи Рамазоннинг фазилатлари бисёр. Аслида тутадиган рўзамиз аввало танамиз соғломлаштириш, иродамизни мустаҳкамлаштириш учун ғоятда зарур. Тана ортиқча вазндан халос бўлади, томирлардаги қон зарарли хилтлардан фориғ бўлади. Чин дилдан ихлос билан, Аллоҳга буюк муҳаббат билан, икки дунё саодатига эриштириши учун қадам ташланг, азиз юртдошим!

Муқаддас ойда тилаклар ҳам ижобат бўлгуси, аввало юртга тинчлик-омонлик, юртдошларимизга бахт, иқбол, фарзандларимизга бундан-да чиройли истиқбол, фаровонлик, файзиёблик тилайлик! Моҳи Рамазон муборак!!!

 

 

Нуруллоҳ ЖАМАЛОВ,

Наманган шаҳридаги “Яҳёхон тўра”

жоме масжиди имом хатиби