Рамазон ойи муборак

   Муборак Рамазон ойи ҳар бир мусулмон учун эзгу амаллар даври ҳисобланади. Хусусан ундаги меҳр-шавқат, саховат ва мурувват, ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги йўл-йўриқлар ҳар бир мўминнинг қалб истагидир. Бу эзгу амаллар азиз китобимиз Қуръони Каримда ҳам кўплаб маротаба зикр қилиб ўтилади. “Сиздан (эй, Мухаммад) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз”. Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир”. (Бақара сураси, 215-оят)

    Пайғамбаримиз с.а.в.бундай марҳамат қилганлар: “То мўмин бўлмагунингизгача жаннатга кирмайсизлар, то бир-бирларингизга меҳр-мурувватли бўлмагунингизгача комил мўмин бўла олмайсизлар”. (Имом Муслим ривояти)        Меҳр-мурувватни савобини зиёда қиладиган омил очиқ чеҳра ва ширин тилли бўлишдир. Зеро, Навоий ҳазратлари айганларидек: “Кулар юз била ато -сахо устига сахо”.

   Рамазон ойини  хар йилгидан хам кўтаринки рухда ва юртимиздаги бошланган улкан ислохотлар шукухида  кутиб олмоқдамиз. Бу ой бир-бирига меҳр-мурувват, раҳм-шавқат кўрсатадиган эзгулик ойидир. Ҳатто тарихда урушлар ҳам бу ойда тўхтатилган, бир-бири билан аразлашиб юрган кишилар ярашганлар, баъзи бир сабаблар билан нотинч бўлиб турган оилалар бу ойни ҳурматидан бир-бирларини кечириб, аҳл-иноқликка юз тутганлар. Муборак Рамазон ойини ховли хонадонларимизни озодалигига эътибор бериб, хамда мархумларимизнинг абадий масканлари бўлмиш қабристонларни ободонлаштириб кутиб олсак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу муборак ойда Аллоҳ барчаларимизга кўплаб эзгуликларни ато этсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Чуст туман вакили:   Б. Шарипов