РАМАЗОНИ ШАРИФНИНГ МУБОРАКЛИГИ...

     Рамазон келиши билан мўмин бандаларгина эмас, балки бутун коинот, барча махлуқот беқиёс шодлик билан чулғанади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Рамазон ойи кириши туфайли жаннат ўзининг зийнатларини янгилаб, хилма-хил тусга кириб, товланиб туради”. Яъни, ҳатто жаннат ҳам бу ойни ўзгача қарши олади.

     Яна айтилишича, рамазоннинг биринчи кечаси Арш остидан бир муаттар ҳид таралади, жаннат бу ҳиддан хурсанд бўлиб кетади.

    Имом Аҳмад «Муснад» китобида келтиришича, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Рамазон ойида менинг умматим бошқа ҳеч қайси умматларга берилмаган бешта хислат билан неъматланди:

    Биринчиси, “рўзадор оғзидан келаётган ҳид Аллоҳ таоло учун мушк-анбардан ҳам ёқимлироқдир”. Киши рўза тутиб, кун бўйи оч юрганида оғзидан ҳид келиши табиий. Бизга ёқимсиз туюладиган ҳид Аллоҳ таолога хушбўй мушкдан ҳам ёқимли экан. Демак, рўзадорлар хурсанд бўлишлари керак, уларда Аллоҳ таолога ёқадиган бир ҳид бор!

  Иккинчиси, “улар то оғизларини очгунларича фаришталар уларнинг гуноҳлари кечирилишини Аллоҳдан сўраб туришади”. Фаришталар дуоси ижобатдир, иншааллоҳ!

  Учинчиси, “Аллоҳ таолоҳар куни жаннатини безаб: “Яқинда солиҳ бандаларим қийинчилик ва азиятлардан қутулиб, сенга киришади”, дейди.

   Тўртинчиси, “шайтонлар кишанланади ва бошқа ойларда қилиб юрган ишларини қила олишмайди”. Бирор айб иш қилиб қўйган кишини маломат қилинганида, ўзини оқлаш учун: “Шайтон йўлдан урди!” дейди. Рамазонда эса бу душманнинг хавфи ҳам бартараф бўлар экан. Бу ҳам бизга енгилликдир. Зеро, илгари бизга қарши шайтон ва нафсимиз турган бўлса, энди нафсимиз билан яккама-якка қолдик. Шунда ҳам ўзини тузатмаган, нохуш одатларидан қутулиб ололмаганлар энди ўзларини ёмон кўрсин!

 Бешинчиси, “рамазон ойининг охирги кечасида у (рўзадор)ларнинг гуноҳлари кечирилади”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у Қадр кечасими?” деб сўрашганида, у зот (алайҳиссалом): “Йўқ, лекин ишчининг қилаётган иши битганида унга ҳақи берилади”, деб марҳамат қилдилар”. Яъни, у кеча Қадр кечаси эмас, аммо худди бировга бир иш буюрилганида у ўша ишни битиргач, ҳақини ўталгани каби, рамазон ойи тугаши билан Аллоҳ таоло рўзадор бандаларига ҳақларини беради – уларнинг гуноҳларини кечиради. Бу шу дунёдаги мукофот. Охиратда эса, рўзадорлар учун жаннатнинг махсус Райён номли дарвозаси бор, улар ўша дарвозадан жаннатга киришади. Жаннатда эса рўзадорларни Аллоҳ таолонинг “Ўзи берадиган” мукофотлар кутиб туради.

         Файзу баракотинг билан, илоҳий нуринг билан обод юртимизга, кўнглимизга хуш кел! Эй раҳмат ойи Рамазон!

 

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили