САРҲАДЛАР ТИНЧЛИГИ БАРҚАРОР БЎЛСИ

Ҳар бир инсон она юртига бўлган муҳаббати ва садоқатини турли шаклларда ифода этади. Кимдир сидқидилдан меҳнат қилиб, Ватаннинг моддий ва маънавий бойликларини оширишга ҳаракат қилади. Кимдир ватан сарҳадларида туну-кун сергак туриб, бедор бўлиб, унинг ҳар бир қарич ерини кўз қорачиғидек асрайди. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани тўғрисида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салам шундай марҳамат қилганлар: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўз ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб мижжа қоқмаган кўзни дўзах ўти куйдирмайди”. Дунёдаги кўп давлатларда таҳликали совуқ уруш олови ёнаётган, сиёсий келишмовчиликлар рўй бераётган бир даврда юртимизда осуда ҳаёт барқарор давом этаётганлиги бу юрт одамлари учун бебаҳо неъматдир. Тонгдами, тундами уйқумиз тинч, йўлимиз равон. Фарзандлар камолини, ота-она жамолини ҳар куни кўриш бахти насиб қиляпти. Шундай юртнинг ҳар қандай ҳизматини бажариш, бурч ва вазифани тенгма-тенг олиб бориш барчамизга илҳом бағишлаши муқаррар бўлмоғи лозим.

Инсоннинг севган, қадр-қимматли тўрт нарсаси бор. Шу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўладилар.

Уларнинг биринчиси ҳар бир одам ўз эрк ва ихтиёрига эга бўлмоқлигидир.

Иккинчиси шаръий ёки қонуний касблар орқали топган молу-дунёси, қилган меҳнатининг меваси.

Учинчиси ҳар бир миллатнинг туғилиб ўсган ота-бобосидан меърос қолган Ватанидир. Она Ватанни бошқалар тасарруфига қолдирмоқ кечирилмас оғир жиноятдир.

Тўртинчиси ҳар бир мамлакат халқининг асрлар бўйи асралиб келаётган муқаддас динидир.

Юқоридаги тўрт нарсага эга бўлмоқ учун миллатнинг бутун ҳуқуқлари ўз қўлида бўлиш керак. Шукрлар бўлсинки юртимиз мустақил бўлганидан сўнг ҳуқуқларимиз ўз қўлимизда бўлишига эришдик.

Ҳукамолар айтадилар: Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади.

 

Иброхим Қосимхўжаев,
Наманган шахар

“Ғойибберди махдум” жоме
масжиди имом-хатиби