СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ – МУСТАҲКАМ ОИЛА АСОСИ

Эркин демократик жамият қуриш йўлидан илдам бораётган мамлакатимизда оилани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Оила тинч, мустаҳкам ва фаровон бўлсагина, жамиятда барқарорлик вужудга келади. Бу эса ўз навбатида маънавий ва рухий мухитнинг соғломлиги, ислоҳотлар муваффақияти учун тегишли замин яратади.

Ўтган йиллар давомида юртимизда оила, оналик ва болаликни ҳар томонлама мухофаза қилиш, соғлом фарзандлар туғилишига зришиш, ёш авлодни маънан ва жисмонан баркамол этиб тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Оила мустаҳкамлигига эришишда албатта, соғлом турмуш тарзининг аҳамияти беқиёс. Соғлом турмуш тарзи — бу кундалик ҳаётда инсоннинг жисмоний, тиббий гигиеник, маънавий ва ахлоқий қоидаларга қатъий риоя этиш демакдир. Соғлом турмуш тарзи маданиятининг асосий ўчоғи эса оила ва маҳалла саналади.

Соғлом турмуш тарзи ҳақида гап кетганда, гоҳида айрим замондошларимиз фақат тиббиётга алоқадор ҳодиса деб тушуналадилар. Аслида қонуний турмуш қуриш, эр-хотиннинг онгли равишда бир-бирини ҳурмат қилиши, авайлаши, фарзандлар тақдирига дахлдорлик туйғусининг борлиги ҳам оилада соғлом муҳитни қарор топтиради. Бу борада оилаларни тартибга солиш, оталикни белгилаш, ёлғиз оналар, қариндошлар никоҳи ва ногирон болалар туғилишининг олдини олиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Қизлар ўртасида эрта турмушга чиқиш ҳолатларининг олдини олиш биз сўз юритаётган йўналишнинг долзарб вазифаларидан биридир. Ҳам жисмонан, ҳам руҳан турмуш қуришга тайёр бўлмаган қиз оилада яхши бека бўлолмаслиги турган гап. Асосийси, унинг соғлом фарзандларни дунёга келтириши ҳам мушкул ҳол. Ҳаётда ота-онаси раъйига ёки ўз ихтиёрига кўра эрта турмушга чиқаётган, бунинг оқибатида оила аталмиш қўрғонда яшаб кетолмай бахтини бир умрга йўқотаётган, энг ачинарлисиэрта туғруқ натижасида ногирон бўлиб қолаётган ёш келинлар фожиасига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Бундай ҳолатларга чек қўйиш ўз қўлимизда. Аёлнинг тани соғ бўлсагина, у оиласини файзга тўлдиради, дилбандларига чинакам мехр бера олади.

Бир сўз билан айтганда, бу саъй-харакатларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган кўплаб ижтимоий ислоҳотларнинг мантиқий бир йўналиши бўлган соғлом турмуш тарзининг оилалар хаётидан мухим ўрин эгаллашига замин яратмоқда. Бу албатта, халқнинг маданий савиясини, тиббий, репродуктив ҳамда ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳам хизмат қилиши, шубҳасиз.

 

 

Боситхон ШАҲОБИДДИНОВ

Наманган шаҳар “Махдум эшон”

жоме масжиди имом-хатиби