ТИНЧЛИК-БУЮК НЕЪМАТ

Бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги нишонланади. Ўтган ана шу йиллар давомида юртимизда асрларга татигулик улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Айниқса, юртимизда кечаётган тинчлик ва осойишталик ютуқларимизнинг асосий омили бўлмоқда. Бунга барчамиз беҳад шукроналар келтириб, шу давлатнинг фидойи ва фаол фуқароси сифатида республикамиз равнақи, фаровонлиги, тинчлигига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Ҳақиқатан ҳам тинчлик бебаҳо неъмат ҳисобланади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бугунги кунда дунёнинг кўплаб нуқталарида юз бераётган урушдан одамлар қаттиқ азият чекмоқда. Бундай шароитда кишиларга еб-ичаётгани ҳам татимайди. Саросимада яшаш эртанги кунга бўлган ишончни йўқотади. Шуларни кўз олдимга келтирганимда халқимизга осуда кунларимизнинг қадрига етинг, шукроналар келтиринг, дейман.

Шулар ҳақида ўйлаганимда, бир ривоят ёдимга тушади. Зеро бу ривоят шукроналик борасида кўпчиликка сабоқ бўлса, ажаб эмас.

Ривоят қилишларича, ёш келин-куёвга илоҳий ҳукм келибдики, сизлар биргаликда 60 йил ҳаёт кечирасизлар. Шу муддатнинг тенг ярми машаққат, тенг ярми фароғатда ўтади. Танланглар, аввал машаққатда яшайсизларми ёки фароғатда? Бу ҳолат уларни ўйга толдирибди. Шунда эр ҳозир ёшмиз, қийинчиликларни енгишга куч-қувватимиз бор, қариганда фароғатда яшашга нима етсин, дебди.

Аёли эса: “Йўқ, аввал фароғатда яшайлик, чунки хайрли ишлар қилишга улгурамиз. Машаққатли ҳаётда бунинг иложи бўлмайди”. Алқисса келиннинг фикрига тўхталиб, фароғатда яшай бошлабдилар. Бу дамлар ғанимат эканлигини билган эр-хотин ҳар куни Аллоҳ берган неъматлар шукронасини адо этишга шошилиб, хайрли амаллар қилишга киришибдилар. Шу тариқа ойлар, йиллар ўтибди.

Фароғат дамларининг ўттиз йили ҳам тугабдики, машаққатли ҳаётдан бирор нишона ҳам йўқ эмиш. Шунда уларга айтилган экан: “Сизлар фароғатдаги умрингизни Яратганга шукр қилиб, яхши ишларни бажариш ила ўтказдингиз. Шу боис, Аллоҳ Таоло қолган ҳаётингизни ҳам фароғатли қилиб қўйди.

Пахриддин Юсупов,

Наманган тумани бош имоми ва

“Умарбой ҳожи”жоме масжиди имом-хатиби