ҚУРБОН ҲАЙИТИ УЛУҒ БАЙРАМ

Мўмин мусулмонларга йилнинг икки кунини ийд, байрам қилиб берган Зот Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз, Ҳабибимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламга салавоту саломларимиз бўлсин.

  Маълумки, баракотлик кунлардан бўлмиш зулҳижжа ойининг дастлабки ўн куни ҳам ўз ниҳоясига етиб, мумин мусулмонлар учун энг қувончлик кун, қурбон ҳайити куни ҳам кириб келмоқда. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Пайғамбар соллаҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида уларнинг унда ўйин кулгу қиладиган(байрам қиладиган) икки кунлари бор эди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:”Аллоҳ таоло бу икки кунни ундан яхшисига алмаштириб берди, у фитр ва қурбонлик кунларидир”-дедилар.”  Бу кунда қилинадиган энг муҳим ишлардан бири бу қурбонлик қилишга қодир инсонларни қурбонлик сўйишларидир. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан саҳобалар:”Бу қурбонлик қандай амал?”–деб сўрашди. Айтдиларки:”Бобонгиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидир”. Саҳобалар яна:”Бунда биз учун қандай савоб бор?”-дейишди. “Ҳар бир тола учун ҳасанот бор”-дедилар. Саҳобалар яна:”Юнгигами?”-деб сўрашди. “Юнгидан ҳар бир тола учун ҳасанот бор”-дедилар.

    Барчaмизга маълумки ҳозирги кунда дунёда ҳукм сураётган коронавирус касаллиги бизни юртимизни ҳам чеклаб ўтгани йўқ. Шунинг учун бизлар ҳам бу йилги ҳайит байрамини карантин қоидаларига амал қилиб, оиламиз бағрида ўтказишимиз лозим бўлади. Бу ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг баёнотида маълум қилинганидек, бу йилги қурбон ҳайити намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги мумин мусулмонларнинг зиммасидан бу ибодатни соқит қилади. Юртдошларимиз ҳайит куни қуёш чиққандан сўнг тўрт ракъат зуҳо намозини ўқиб кейин қурбонлик қилсалар яна ҳам савобли бўлади. Сўйган қурбонликларини уч қисимга тақсимлаб бир қисми яқин қариндошларга, яна бир қисми муҳтожларга, яна бир қисмини ўз аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Қолаверса Муфтий ҳазратлари ҳам ўзларининг тавсияларини бердилар бу тавсияларига амал қилиб бу байрамни карантин қоидаларига мувофиқ ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказишимиз лозим бўлади.

  Қуръони каримнинг “Бақара”сураси 195-оятида Аллоҳ таоло: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” -деб марҳамат қилган. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида марҳамат қиладилар:”Исломда ўзига ҳам ва ўзгаларга ҳам зарар етказиш йўқ”. Ушбу оят ва ҳадислардан кўриниб турибдики ҳозирги синовли кунларда ўзларимизни эҳтиёт қилиб, соғлиғимизни асраб, мутаҳассисларнинг берган тавсияларига амал қилишимиз лозим бўлади.

   Аллоҳ таоло ушбу улуғ кунларда қилаётган хайрлик амалларимизни қабул айлаб,  дуоларимизни ижобат қилиб, мана шундай синовлик кунларни бошимиздан кўтариб, масжидларимиз ҳам тез фурсатда очилишини ва ибодатларимизни жамоат билан адо этишимизни насиб айласин. Келаётган қурбон ҳайити барчларимизга муборак бўлсин.

                                    Абдуллоҳон Саматов,
Наманган шаҳри “Боқи полвон” жоме
масжиди имом хатиби