УСТОЗ-ШОГИРДЛИК ОДОБИ

Устоз-шогирдлик тушунчаси юксак миллий қадриятларимиздан ҳисобланиб, бу борада ҳам асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади.
Халқимизда яхши бир ибора бор, ота-оналар устозга: «Эти сизники, суяги бизники», -дея айтадилар. Агар ушбу сўзга зоҳиран эътибор берсак, жуда ҳам салбий маънони англатаётгандек, гўё. Аслида эса бундай эмас, ушбу иборанинг туб негизига эътибор қаратсак, унда катта бир масъулиятли меҳнат борлигини кўришимиз мумкин. Бу билан ота-она устозга фарзандининг келажак тақдирини бус-бутун ишониб топшираётганини билдиради. Ўз навбатида, устоз ҳам шогирди тақдирига ўзини масъул билиб, бор илму салоҳиятини ва иқтидору ҳунарини унга ўргатишга интилган.
Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Футувват-номаи султоний» китобида устоз қандай бўлиши, шогирдлик шартлари нималардан иборат экани ҳақида батафсил маълумот берилади: «Агар комил устоз ким, деб сўралса, у пок мазҳабли, ўз айбини кўрадиган, доно ва тамизли кишидир»,-деб айтгил. Унда ҳасад, гина ва бахлликдан асар ҳам бўлмаслиги керак.
Агар шогирдлик биноси нималар устига қурилади деб сўрасалар, иродат устига деб айтгин. Иродат нима, деб сўрасалар, устоз нимаики айтса, уни жон қулоғи билан эшитиш, чин кўнгил билан қабул қилиш ва вужуд аъзолари орқали амалда адо этишдир.
Агар шогирд учун нима яхши, деб сўрасалар, пок эътиқод, деб айт, чунки фақат пок эътиқод кишини муродига етказади.
Агар шогирд нима орқали мақсадга етади, деб сўрасалар, хизмати орқали, деб айтгин. Агар хизматининг биноси нимага қурилган, деб сўрасалар, рохатни тарк этиш ва захмат чекиш асосида, деб айтгин.
Агар шогирдликнинг рукунлари нечта, деб сўрасалар, тўртта деб айт:
БИРИНЧИСИ: - мард бўлиб ишга киришиш.
ИККИНЧИСИ: - сидқи дилдан хизмат қилиш.
УЧИНЧИСИ: - кўнгил ва тилни бир-бирига мувофиқ қилиш.
ТЎРТИНЧИСИ: - насихатга қулоқ солиш ва устоздан эшитганини ёдда тутиб, унга амал қилиш.
Агар шогирдликнинг одоби нечта, деб сўрасалар, саккизта деб айт:
БИРИНЧИСИ: - устоз олдига кирганда ёки кўрганида биринчи бўлиб салом бериш.
ИККИНЧИСИ: - устознинг олдида оз гапириш.
УЧИНЧИСИ: - бошни олдинга эгиб туриш.
ТЎРТИНЧИ: - кўзни ҳар тамонга югиртирмаслик.
БЕШИНЧИСИ: - агар масала сўрамоқчи бўлса, олдин устоздан ижозат олиш.
ОЛТИНЧИСИ: - устоз жавоб айтганда, эътироз билдирмаслик.
ЕТТИНЧИСИ: - устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик.
САККИЗИНЧИСИ: - ўтириб-туришда хурматни тўлиқ сақлаш.
Мазкур одобларга биздан олдин яшаб ўтган аждодларимиз оғишмай (бекаму кўст) амал қилиб келганлар. Шу сабабли ҳам улар устозларининг дуолари билан етук олим, мутафаккир ҳамда барча инсонлар ўрнак оладиган даражадаги намуна бўлишган.
Биз аждодларимизнинг узоқ йиллик илму-маърифатлари ва юксак тажрибалари асосида шаклланган бой меърослари билан тўла зийнатлансак, улар каби соҳаларда устоз бўлишимиз мумкин.
Аллоҳ таоло устозларимизни ўз паноҳида асраб, уларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам битмас-туганмас ажру-мукофотлар билан сийласин. 


Наманган вилояти, Уйчи тумани,

«ДАҲЯК-ОТА» жоме масжиди

имом-ноиби Комилжон ОТАМИРЗАЕВ