ВАТАННИ СЕВМОҚ ИЙМОНДАНДИР

Ватан - инсон туғилган гўша, киндик қони тўкилган маскан. У шу маконда улғаяди, оила куради, умргузаронлик қилади. Инсон тирик экан, унинг энг гўзал хотиралари ана шу қадрдон макон билан боғланган. Зотан, Ватанни севиш инсон табиатининг бир бўлагидир. Шунинг учун, ундан узоқлашганда уни қумсаверади. Не ажабки, Аллоҳ таоло инсонга мана шу табиатни ато этган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан чиқиб кетишни хоҳламадилар, фақат Макка мушрикларининг у зотга зулмлари ҳаддан ошгандан сўнггина Роббиларининг изни ва кўрсатмаси билан ундан чиқиб кетдилар. Чиқиш вақти келганида кўзга ёш олдилар, кўнгиллар бўшашиб кетадиган сўзлар айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Макка, сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ. Агар қавмим сени ташлаб чиқишимга мажбур қилмаганида асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”, дея Макка шаҳридан чиқиб кетаётганларида марҳамат қилган экан (Термизий ривояти).

Ҳабиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ватанларига нисбатан айтган бу гўзал сўзларга эътибор қилинг! Ватаннинг ҳавоси, суви, тупроғи барчаси бамисоли шифодек.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор киши бетоблигидан шикоят қилганда бармоқларини муборак сўлаклари билан ҳўллаб, сўнгра бармоқларини ердаги тупроққа ботириб, ўша бетоб одамга суртиб дам солганлар.

Бу ҳақда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Қачон бир инсоннинг тоби йўқ бўлса ёки ярами, жароҳатми ориз бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини бундоқ қилиб кўтарар ва: "Бисмиллаҳи, турбати арзина. Бирийқоти баъзина. Лиюшфа биҳи сақиймуна. Би изни Роббина. (Яъни: “Аллоҳнинг исми ила дам солурман. Еримизнинг тупроғи ва биримизнинг туфургиси ила. У ила беморимиз шифоланиши учун. Роббимиз изни ила”), дер эдилар” (Бухорий ривояти).

Инсон ўзи яхши кўрган нарсасини ҳидласа ҳам шифо бўлади. Шунинг учун яхши кўришганлар бир-бирлари билан кўришишлари даво турларидан ҳисобланади. Яъқуб алайҳиссалом ўғиллари Юсуф алайҳиссалом соғинчида кўзлари ожиз бўлиб қолганди. Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлакларини бошларига ташлаганларида кўрмай қолган кўзлари шифо топган. Худди шунингдек, пайғамбарлар отаси Иброҳим ҳалилуллоҳ ватанлари Маккаи мукаррама учун дуо қилгандилар:

“Иброҳимнинг: “Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, деганини эсла” (Бақара сураси, 126-оят).

Иброҳим алайҳиссаломнинг дуолари қалбларидан тошиб чиққан муҳаббат эди. Маккага тинчлик ва ризқ сўрадилар. Зеро, бу икки неъмат Ватан фаровонлиги омилларидандир. У иккиси ёки бири топилмаса, бахт-саодат йўқолади.

Инсон аввал ўзи туғилиб ўсган она-заминига муҳаббат ва садоқатли бўлишига Ислом дини ўргатади. Сўнг бутун дунё ва башариятга. Яъни, аввал инсон ўз яқинларига, қариндошларига яхшилик қилишга чақирилади. Кейин атрофини ўраб турган Аллоҳ яратган мавжудотларни ҳаққини адо этиш – уларга раҳм қилишга чорлайди.

Бу доира кенгайиб бораверади. Хоҳ у инсон бошқа дин вакили бўлсин, албатта уни яхшилик қилишга чақиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким аҳдлашган (аҳли китоб)га зулм қилса, ё унинг тоқатидан ортиқ нарсага буюрса, ё уни рози қилмай ундан бирор бир нарсасини олса мен қиёмат куни уни сўровчиси бўламан”, деганлар.

Динимиз Ислом ҳар бир ишда Аллоҳга тақво қилишга буюради. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло сизлардан бирингизнинг Унга тақво ила қилган амалларингизни яхши кўради”, деб марҳамат қилдилар.

Манбаалар асосида тайёрланди.

Одилхон Абдураҳманов ,
“Худайберди Эшон”жоме

масжиди имом ноиби