АҲИЛЛИК – БУ БАРАКАДИР

Динимизда ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва оилавий тотувликка катта эътибор берилган. Аҳиллик аввало бир-бирларини тушунишдан бошланади. Парокандалик эса ўзини устун қўйиш, бошқаларни менсимаслик оқибатида келиб чиқади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Аллоҳнинг бандалари, бир-бирингизга биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди ва таҳқирламайди ҳам”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Халқимизда “Бир кун уруш бўлган уйдан қирқ кун барака кўтарилади”, деган ибратли сўз бор. Адоват нафақат оилага, балки жамиятга салбий таъсир кўрсатиши ҳеч кимга сир эмас.

Донишмандлар томонидан айтилган “Бирлашган – ўзар, бирлашмаган – тўзар”, мақоли ҳам асрлар оша ўз мавқеини сақлаб келмоқда.

Улуғлардан бири укасига: “Дўст жафо билан душманга айланади, душман эса яхшилик билан дўстга!” – деб насиҳат қилган экан.

Албатта, қариндошлардан, дўстлардан алоқа узиш дунё лаззатларидан, охират савобларидан кўз юмишдир. Шариатда ҳам, жамиятда ҳам ҳар кимнинг ҳақ-ҳуқуқлари белгилаб берилган. Киши ўз масъулиятини хис этиши ва бунинг учун жавобгар бўлиши тайин.

Барака – жамоатдадир. Яъни ҳамжиҳат бўлиб, бирлашиб, ўзаро аҳиллик билан яшашда барака бўлади, файз бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир-бирингизни ёмон кўрманглар. Ўзаро рақобат қилманглар. Эй Аллоҳнинг бандалари, дўст бўлинглар”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Демак,  динимиз кўрсатмаларига эргашсак, улуғларимиз одоб ахлоқ мезонларига амал қилсак жамиятда аҳиллик, фаровонлик, оилада осойишталик ҳукм сураверади.

 

Баҳодир БОТИРОВ,

Чуст тумани “Охунбобо” жоме масжиди имом-хатиби