БИЗНИНГ САЖДАМИЗ ҚАНЧА ВАҚТ ДАВОМ ЭТМОҚДА?...

 (ҳаётий воқеа) 

Ҳарамда эдим. Тавоф қилаётганлардан баъзилари ёнимга келишди, улар учта ёш йигитлар эди. Улардан бири шеригини кўрсатиб:

   — Шу биродаримизнинг ҳаққига дуо қилиб қўйсангиз, - деди.

   — Тинчликми? — сўрадим мен.

   — Бугун пайшанба, келаётган шанба куни оғзини операция қилдиради. Тил саратони бўлган экан, бунинг тили, томоғи умуман оғзи саратон бўлган экан. Операциядан беш фоиз умид бор экан, холос.

   Мен беморнинг ўзига юзландим:

   — Сенга бу дардни ким берди?

   — Аллоҳ

   — Нега берди? Нима учун сени бу дардга мубтало қилди?

   — ...

   — Мусибат ё гуноҳ сабабидан тушади ёки Аллоҳ ўзи суйган бандасига мусибат беради. Билгинки, Аллоҳ сени яхши кўради, У сенинг дуо қилмоғингни истайди.  Энг узоқ қилган саждангни эслайсанми? Бир дақиқами, икки дақиқами?

   — Эслолмадим бир дақиқага бормайди.

   — Докторга қанча сажда қиласан? Сўзимга нотўғри тушунма, сажда хокисорлик демакдир. Докторга навбат кутиб туришинг бир нав хокисорликдир. Агар доктор шу иссиқ кунда “мен бандман, кечгача кутинглар“, деса кутасанми?

   — Ноилож кутаман.

   — Қара, докторнинг саждасига бир кунингни ажратар экансан, аммо дардни давоси билан туширган Аллоҳга эса бир минут ҳам сажда қилмайсан...

   Нотиқ шу ерда ҳикояни тўхтатиб, бошқа ҳодисани баёнига ўтади. 

   Бир кун бу воқеани масжидда одамларга айтиб бераётиб, уларга савол бердим: Орангизда беш минут сажда қилган киши борми?  Илтимос умрида беш минут сажда қилганлар бўлса, қўлини кўтарсин. Ҳеч ким кўтармади. Умрида икки минут сажда қилганлар бўлса бехижолат қўлини кўтарсин, дедим. Ҳамма ерга қаради. Ҳеч ким бошини кўтаргиси келмасди. Ҳа, ўта тез айтилган “Субҳана Роббиял аъла“ тасбеҳи бизнинг уч ёки беш секунд вақтимизни олади, деярли ҳаммамиз сажда учун 5 ё 10 секунд ажратамиз, холос. Нотиқ бу чекинишидан сўнг асл ҳикоясига қайтади.

   — Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Банданинг Аллоҳга энг яқин бўлган они саждада турган пайтидир. Бас, дуони кўпайтиринглар,“ деганлар. Ука, узоқ сажда қилиб, ўзинг Аллоҳга ялиниб ёлвор, дедим. У ёнимда бироз намоз ўқиди. Ҳарамда одам кўп эди. Ҳотиржам намоз ўқишнинг иложи йўқ. Йигит намозни тугатиб: “таҳоратга чиқиб келай“  деб чиқиб кетди. Шу-шу у билан кўришмадим.  Орадан саккиз ой ўтгач, Жиддада унинг шеригини кўриб қолдим. Салом-аликдан кейин беморнинг ҳолини сўрадим.  “Ўша куни таҳоратга чиқиб кетган шеригимиз ҳа деганда келавермади. Ярим соат ўтди, бир соат, бир ярим, ҳануз ундан дарак йўқ эди. Ҳар ҳил хаёлга бордик, наҳот адашган бўлса. Бўлиши мумкин эмас, деб мен шеригимни қидиргани чиқиб кетдим, таҳоратхонага бордим у ерда йўқ, ерга чўзилиб ётган кишилар ёнига келиб қидирдим, у ерда ҳам йўқ. Охири пана жойда намоз ўқиётганини кўриб қолдим, саждада экан. Ёнига бориб мен ҳам икки ракаат намоз ўқидим.  Намозни тугатиб у билан гаплашаман десам, у ҳамон саждада экан. Беш дақиа, ўн дақиқа, йигирма дақиқа кутдим. У саждадан бошини кўтармас эди. Роппа роса қирқ беш минут деганда саждадан бошини кўтарди.   Биз Риёдга қайтдик, Франциядан мутахассис доктор чақирилган. Операциядан олдин доктор рентген натижаси ва қон анализи билан танишди. Унга икки хил рентген натижаси ва икки хил анализ натижалари берилди. Бири шанба кунги натижалар, иккинчиси аввалги натижалар. 

   — "Бу нима? Мана буниси бошқа одамни анализи бўлса керак", деди. Ҳамширалар ҳар иккала рентген ва анализ шу беморники эканини тасдиқлашди. Доктор ҳайратланиб "бўлиши мумкин эмас" дерди. Барчага ишга қодир Зот беморга шифо неъматини ато этган эди. Қадрдоним! Бизнинг саждамиз қанча вақт давом этмоқда?...

Алихон Қодиров,
Наманган тумани, “Мулла Сайфиддин” жоме
масжид имом-ноиби