ДЕҲҚОНЧИЛИК ФАЗИЛАТИ

 Дастурхонларимиз деҳқонлар, чорвадорлар ва боғбонлар етиштирган ноз-неъматлар билан тўлади. Элга ризқ улашишдек савобли ишни касб қилган бу соҳа кишиларига ҳар қанча тасанно ва ташаккур изҳор этсак арзийдир.

  Албатта, ер юзини обод қилиб турган барча набобат олами Аллоҳ таоло осмондан  ёғдирган сув туфайли яшнаб, ҳосил  беради, барча  жонзотларга  ризқ  шу  орқали  келади.   Одамларнинг зироат, боғдорчилик ва бошқа касбларни олиб боришлари учун имкон яратади.

  Деҳқончилик – машаққатли ва савобли касб. Расулуллоҳ  ҳадисларида  шундай дейилади: “қай бир  мусулмон бирор кўчат экса ёки  экин  экса, ундан  қуш, одам  ёки бирор жонивор еса, эккан кишига садақа савоби ёзилади”.

 Ривоят  қилишларича, бир киши Абу Дардо (р.а.)нинг олдиларидан ўтиб кетаётса, у зот ёнғоқ кўчатини экаётган эканлар. Йўловчи Абу  Дардо (р.а.)га қараб: “Улуғ ёшга кирган  бўлсангиз  ҳам кўчат экасизми, ахир  бу  фалон  йилдан  сўнг   ҳосилга киради-ку“,  деди. Абу  Дардо (р.а.) унга жавобан:  “Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол  қилаверсин”,  дедилар.

  Шукрки, юртимиз тупроғи серунум, боғларимиз серҳосил. Бу Аллоҳнинг бизларга кўплаб яхшиликларни ато  этаётгани аломатидир. Фикримизни қуйидаги ояти  карима билан изоҳласак, ўринли бўлади: “Яхши шаҳар(ер)нинг гиёҳи  Роббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон шаҳарнинг ери  эса фақат унимсиз  бўлур”.

 Тилагимиз, элимизнинг ризқи ҳамиша улуғ, деҳқонларимизга куч-қувват ёр, дастурхонимиз доим тўкин ва барокатли бўлсин!

 

Илхомжон  ЮНУСОВ,

Косонсой тумани “Бузрукхўжа” 

жоме масжиди имом-хатиби