Халқ — яратувчидир

Биз ўзбек халқида ҳеч бир миллатда учрамайдиган одат бор. Дастурхон атрофида ёки дўстлар даврасида ўтирганда, қўлларимизни дуога очганда, энг аввало, юртга тинчлик, осойишталик, сиҳат-саломатлик, дастурхонга қут-барака тилаб, дуо қилинади. Неча асрлардирки, қон-қонимизга сингиб кетган бу анъана миллатимизга хос бўлган олийжаноб фазилатдир. Нияти улуғ, мақсади аниқ бўлган эртанги кунидан-да умидлари бисёр бу ўлканинг ҳар бир фуқароси бугунги ва эртанги кунидан мамнун. Муҳтарам юртбошимиз кўплаб минбарларда сўзга чиққанларида бир ажойиб жумлани такрор-такрор таъкидлайдилар: “Бизнинг юртимизга Худонинг назари тушган”. Чиндан ҳам бугун дунёнинг қайсидир бир бурчагида қонли тўқнашувлар, низолар, тузалмас дардларнинг тарқалиши, қирғинбаротлар авж олмоқда.  Кўплаб бегуноҳ инсонлар ана шу иллатларнинг қурбонига айланмоқдалар. Шукурки, бизнинг юртимизда одил юртбошимизнинг олиб бораётган оқилона сиёсати туфайли фаровон ҳаёт кечирмоқдамиз. Янгидан-янги бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Республикамизнинг қайси бир вилоятига борманг, чинакам ўзгаришларнинг гувоҳи бўласиз. Улкан бунёдкорлик ишлари, кенг ва равон кўчаларимиз, осмонўпар, замонавий бинолар шаҳарлар кўркига кўрк қўшаётган бўлса, қишлоқларимиз шаҳардан фарқ қилмайдиган даражада ўзгармоқда. Замонавий, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйлар, кўплаб маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари фуқароларимиз учун хизмат қилмоқда. Бу ўзгаришларни жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этаётгани бизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғусини уйғотади. Албатта, бундай фаровон кунларга етишнинг ўзи бўлмайди. Ҳар бир неъматнинг қадрига етиш, борини сақлаш, йўғини яратиш ҳар бир виждонли инсоннинг бурчига айланмоғи керак.

 

  Машраббой ҚОЗАҚОВ,

Мингбулоқ тумани“Мулла Назар Охун”

 жоме масжиди имом-хатиби