ИСЛОМ ДИНИДА КАСБ-ҲУНАР

Касб-ҳунар тўғрисида Ислом дини ўзининг илоҳий таълимотлари орқали бу дунёда тинч-омон, фаровон ҳаёт кечиришга, охиратда саодат аҳлидан бўлишга чорлайди. Оила, фарзанд жамиятнинг асосий бўлаги ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ислом шариати уларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол тарбия топишлари, ёшликдан бошлаб илму-фан, касбу-ҳунар малакаларини эгаллашлари борасидаги тегишли кўрсатмаларни ота-оналар, мураббийлар ва устозларга тавсия қилади.

Аллоҳ таоло барча жонзотлар ичида ўзининг ақл, фаросат ва фаҳми-идроки билан мумтоз бўлган инсонга тириклик ҳаётида ҳуррият ва фаровонликда яшаши учун унга меҳнат қилиш, ҳалол ризқ билан умр ўтказишдек  тўғри йўлни кўрсатиб қўйди. Албатта, Аллоҳ таолонинг фазли-карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши лозим. Бу эса унга нажот ва бахт келтиради. Унинг розилигини топишга васила бўлади.

Чунки, инсон ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқат ва уй-рўзғор анжомлари, кийим-кечакка  эҳтиёж сезади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар ва меҳнат қилиш орқали ҳосил бўлади. Жумладан, Аллоҳ таоло Жумъа сурасининг 10-оятида: яъни: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”, марҳамат қилган. Демак, Аллоҳ таолонинг фазли-карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши керак. 

Муҳтарам Юртбошимиз тадбиркорликка алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Янгидан бир қанча завод фабрикаларни ишга тушириб, аҳолининг айниқса шундай салоҳиятли, касб-ҳунарли ёшларимизга бўш иш ўринларини яратиб аҳолининг бандлигини таъминлашга, юртимиз халқи фаровон, яхши яшашлиги учун, мамлакатимиз тараққий топиши учун қанчадан-қанча хайирли ишлар амалга оширилмоқда.

Бундай шиддат билан ривожланиб бораётган жамиятимизни, барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кўриб барчамиз келажакка ишонч билан қараш, жамиятимизнинг  турли соҳаларида ишлаётган олийжаноб ва меҳнаткаш халқимиз,  ҳалол меҳнат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз ва бу улуғ савоб иш эканини асло унутмаслигимиз керак.

 

Абдулбосит ЛУТФУЛЛАЕВ,
Наманган шаҳар “Боқи мирзо” жоме масжиди имом-ноиби