Ислом эзгулик, тинчликсеварлик дини

Инсоният тарихи жараёнида террорчиларнинг на диний ва на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлмаган сохта «ғоялари» ва бу йўлдаги қонли фожиаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда.
Ҳозирда бу кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланмоқда. Эътиборли жиҳати шуки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлсада, тутаётган йўл (ёки қилаётган иш)лари бир хил: одамлар тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда.
Минг афсуски, XXI аср ҳам инсоният учун оғир синовлар билан бошланди. Айниқса, баъзи шахс ва гуруҳлар томонидан ўзларининг геосиёсий мақсадларини ислом шиорларига бурканган ҳолда ташкил қилишга уриниши қатор ихтилоф ва кўнгилсизларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, улар томонидан кўтариб чиқилаётган сохта даъволар мусулмонлар оммаси ўртасида эътибор топмаётгани ҳамда ўз ҳаракатларини оммавий шаклда ташкил этолмаётгани жиҳатидан аҳолининг маълум қатламлари номидан кураш таасуротини уйғотиш мақсадида террор йўли танланмоқда.
«Ислом» ва «террор» сўзларини бирикма – ибора шаклида ифода этиш уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби, нафақат ислом, балки, бирон-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам. Хусусан, ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради». (Наҳл, 91)
Шубҳасиз, бугунги оммавий ахборот воситаларида тез-тез учраб турган «ислом терроризими» ҳақидаги даъволар, «яҳудий терроризими» ёки «христиан терроризими» тушунчалари каби нотўғри ва асоссиздир. Террорчи гуруҳларнинг авваламбор номлари, уларга аъзо бўлган кимсаларнинг исмлари ҳеч қандай ҳақиқат ёки аслиятни ифода этмайди. Зеро, исломда ҳам бошқа самовий динлар каби террор ёки одамлар устидан бошқа шаклдаги зўравонликка ўрин йўқ. Ҳозирда «террор» деб, атаётган ҳаракатлар аллақачон исломда «улкан гуноҳ» деб, белгилаб қўйилган. Террор ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч аҳоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган. Ушбу мақсадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши террорчилик ҳаракатлари ислом ва имон тақозосидан узоқ ҳаракат эканини кўради.
Ислом тарихида кечиримлилик, раҳм-шавқат, ўзаро иттифоқ ва хотиржамликда яшаш тамойиллари намунали тарзда ўз аксини топган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Макка фатҳи куни ўзларига мислсиз душманлик ва зулмлар қилган кишиларни ҳам афв этиб, уларга омонлик беришлари нафақат у зотни, балки, ислом динининг руҳида кечиримлик, олийжаноблик ҳамда инсонларга нисбатан ўта меҳрибон ва шафқатли бўлишнинг гўзал намунасини мужассамлашганини ифодалайди.
У зот ҳаётига суиқасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомнинг ҳаракати ўз исботини топгач ҳам бағрикенглик билан кечириб юборганлари ёки суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абу Толибни ўлдирган Ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, ҳар иккаласини ҳам авф қилишлари исломнинг негизида раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват ётганини кўрсатади. Булар шубҳасиз, Қуръони каримдаги: «Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!»(Аъроф, 199) кўрсатмасининг амалдаги исботидир.
Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган. Бунда ўша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Ҳатто, уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кекса ҳамда ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлган роҳибларни ўлдириш, шунингдек уй-жой, иморат ва иншоотларни вайрон қилишдан тортиб ҳаттоки, экинзор ва дарахтларни йўқ қилиниши қатъий таъқиқлаган. Бунинг акси ўлароқ, исломий либосларга бурканган бузғунчи террорчилар эса, ўз ғаразли мақсадлари йўлида Аллоҳ инъом қилган ҳаётга тажовуз қилиш ва барча вайронкорлик ишларни амалга оширмоқдалар. Натижада турли дин вакиллари, аёллар, кексалар ҳатто, ёш болалар ҳам террор қурбонига айланмоқда.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврида бўлган урушлардан бирида душман томондаги бир аёлнинг ўлдирилгани у зотнинг жуда ҳам ғазаблантирган эди. Набий алайҳиссалом: «Мен сизларни аёлларни ўлдиришдан қайтармаганмидим? Ахир бу урушмаганди-ку!», – деб бу иш содир бўлганлигидан афсусланган ва уни амалга оширилишини қоралаган эканлар. Демак, у зот ҳарбий ҳолатда ҳам барча инсоний ва маданий тамойилларни мана шундай ҳимоя қилган.
Шубҳасиз, исломда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Террор каби вахшийликларни амалга оширганлар ўзларини динга қаттиқ эътиқод қўйгани ҳақида сўзда қанчалик лоф урмасинлар, қилаётган ишлари орқали бу даъволари нақадар ёлғон экани фош бўлмоқда. Ояти каримада «(Эй, Муҳаммад!) Сиз зинҳор золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан Аллоҳни ғофил, деб ҳисобламанг!»(Иброҳим, 42).
Бугунги кунда турли доиралар манфаати йўлида маълум бир гуруҳ ёки оқимлар ғояларига мутаассибона ёндашиш оқибатида, минглаб инсонлар қонини тўкаётган, таълим даргоҳлари устоз ва ўқувчилари билан бирга ёндириб, портлатиб юбораётган, масжидда ибодат учун тўпланган мусулмонлар ўртасида қўпорувчилик содир этаётган шахслар энг катта зулм қилаётган кимсалар бўлиб, нафақат мусулмончилик, балки, инсоний қиёфасини йўқотганлиги билан тавсифлаш ўринлидир. Улар ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишини билдирсаларда, қандай қилиб шариат қоралаган амалларни бажармоқда? Ваҳоланки, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳатто, уруш ҳолати бўлган пайтда ҳам душман томонни огоҳлантирмай, тўсатдан уруш ёки босқинчилик қилмаган, фақатгина уруш майдонига қўлига қурол олиб кирган кимсалар билангина жанг қилган эдилар-ку?!
Террорчилик ҳаракатларига фатво топиб бераётганларнинг фикрича, дунёвий давлатда яшаб, мусулмонман деганларнинг ҳаммаси кофир бўлса, мусулмон деб кимни айтиш мумкин?! Уларнинг йўлидан юрганларними? Усома ибн Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу бир жангда имон калимасини айтган одамни ўлимдан қўрққанидан қутулиб қолиш учун айтяпти, деган ўй билан ўлдирганида Пайғамбаримиз (с.а.в.) жуда ҳам қаттиқ хафа бўлиб, унинг ҳаракатига қатъий эътироз билдирган эканлар. Сабаби, унинг гумон билан қилган даъвоси мутлақо асоссиз бўлган. Чунки, қалбнинг эгаси фақат ва фақат Аллоҳ бўлиб, исломда кишиларни айтган сўзларига эътибор қилиниши белгиланган.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-қудсийда Пайғамбар алайҳиссалом ноҳақ қон тўкиб зулм қилган шахслар тўғрисида шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло: «Бандаларим, мен ўзим учун зулмни ҳаром қилдим, сизлар ўртангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!».
Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини чуқур ва атрофлича ўрганар эканмиз, у доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади.


Нуриллоҳ ЖАМОЛОВ,
Наманган шаҳри «Яҳёхон тўра»
жоме масжиди имом хатиби