НЕЪМАТНИНГ ҚАДРИ...

Неъматларга шукр қилиш, аввало, Неъмат берувчини яхши кўриш, унга итоат қилиш, ҳар бир неъмат унинг эҳсони ва фазли эканига қатъий ишониш, шу неъматлар учун тили билан шукр айтиш, неъматни қадрига етиш, у неъматни Аллоҳ таоло рози бўлган йўлда ишлатиш билан амалга ошади. Ким неъматларни Аллоҳ рози бўладиган ишларга ишлатса, уларни ўз зиммасидаги фарзлар ва бурчларни адо этиш учун сарфласа, ўша неъматларнинг шукрини адо қилган бўлади. Аксинча, агар уларни Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ишларга, гуноҳу маъсиятларга сарфласа, ношукрлик қилган бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай йўл-йўриқ кўрсатганлар: “Ким дунё хусусида ўзидан қуйи бўлганга, дин хусусида ўзидан устун бўлганга боқса, Аллоҳ уни сабрли ва шукрли бандалари қаторига қўшади. Дунё хусусида ўзидан баланд бўлганга, динда ўзидан қуйи бўлганга боққан кишини эса на сабрли, на шукрли бандалари қаторига қўшади” (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, неъмат инсонни ҳаддидан оширмаслиги, уни кибрлантирмаслиги, у неъмат билан ўзини бошқалардан афзал санамаслиги керак. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини яхшилик билан ҳам, ёмонлик билан ҳам синайди, имтиҳон қилади.

 

Абдуҳошим ҒОФФОРОВ,
Тўрақўрғон тумани “Абдуғаффор қори”жоме масжиди имом-ноиби