ОИЛА – ФАРОҒАТ ҚАСРИ

 Оила – муқаддас даргоҳ. Уни пок сақлаш учун эса турли бузуқ ишлардан йироқ бўлиш хусусан, фарзандларни ҳалол йўл билан боқиш, тарбиялаш талаб этилади. Ота-боболаримиз бу нарсага алоҳида эътибор қаратганлар. Чунки фарзанднинг келажакда ким бўлиб етишиши, асосан, оиладаги муҳитга, ота-онанинг тарбиясига боғлиқ эканлигини улар яхши билишган.

 Лекин бугунги ривожланган дунёнинг “маданиятли” инсонлари ҳаётида оиланинг қадри тобора йўқолиб бораётгандек. Бу нарса дунё афкор оммасининг ҳақли равишда ташвишига сабаб бўлмоқда. Ҳатто, Ғарб оилаларида ўтказилган тадқиқотлар оила институтининг яшаб қолиш эҳтимолини жиддий муаммо тарзида талқин қиляпти.

 Қуйида Одам Ато яратилганидан бери амал қилиб келган оила тизимининг бузилиши натижасида вужудга келган инсоний фожеаларнинг айрим кўринишларидан мисоллар келтирмоқчимиз.

 Иккинчи жаҳон урушидан кейин “оммавий маданият” ниқоби остида амалга оширилган “жинсий инқилоб” нафақат анъанавий оила шаклларига жиддий зарар етказди, балки зино-фахш ишларининг ҳаддан зиёд урчиб кетишига сабаб бўлди. Ҳатто, бугунги кунда айрим давлатларда зинога қонуний рухсат берилиб, уларда расмий рўйхатдан ўтган кўплаб фохишахоналар фаолият юритмоқда. Бу нарсага айрим одамларнинг эрк, ҳуқуқ нуқтаи назаридан табиий қараётгани, айниқса, ачинарлидир. Оилада ота-она ва фарзанд муносабатларининг азалий анъаналарига путур етди. Жамиятда ажралишлар сони кескин ошиб кетди. Масалан, биргина Буюк Британияда 1970 йил туғилган болаларнинг 40 фоизга яқини ўз ҳаётининг қайсидир даврида оилада фақат онаси ёки отаси билан яшаган. Шунингдек, оила бузилишлари фарзандлар руҳияти, тарбиясига салбий таъсир ўтказган. Айни шу масала бўйича Ғарб тадқиқотчилари 60 та ажрашган оилаларнинг болалари ҳаётини ўрганиб, уларнинг қарийб барчаси ота-оналари ажрашган пайтда кучли эмоционал ҳолатда бўлганлигини аниқлашди. Мактабгача ёшдаги болалар эса баъзан содир бўлган воқеалар учун ўзларини айбдор санашган.

 Кейинги пайтларда никоҳсиз яшаш ғарб жамияти учун табиий ҳолга айланиб бормоқда. Масалан, Швеция, Германия каби мамлакатларда ёшларнинг никоҳга кирмай бирга яшашларини табиий қабул қилишади. Бундай “оила”лар сони Буюк Британияда ўтган асрнинг 70-йилларида 300 фоизга ўсган. Ҳозирги Буюк Британияда “бирга яшаш” никоҳдан киришдан олдинги “тажриба” босқичи ҳисобланади.

 Шунинг учун 1980 йили Буюк Британияда Консерваторлар партияси оила тушунчасини сиёсат даражасида муҳокама қилган. 1986 йилда Маргарет Татчер хотин хотин-қиз консерваторлар конференциясида: “Бизнинг сиёсатимиз оиладан, унинг эркинлигидан ва хотиржамлигидан бошланади”, деб ҳайқирган эди.

 Хуллас жамиятнинг соғлом ва яшовчан қолиши учун оиланинг қанчалик зарур эканлигини бугун адашган инсониятнинг ўзи яна тан олмоқда. Лекин энди бой берилган вақтга ортга қайтаришнинг иложи йўқ, билъакс, янги авлод ихтиёрида эса асл инсоний ҳаётдан оғишмаслик имконияти бус-бутун турибди. Зора, ундан тўғри фойдаланса...

 Биз муқаддас оила даргоҳини бутун ва пок сақлаб, унинг асл қадр-қимматига етишимиз керак. Шунда у биз учун бетакрор, жозибали, мехру муҳаббатга тўла, файзиёб фароғат қасрига айланади.

               Акмалхон САППАНОВ,

 Янгиқўрғон тумани «Бобоихандон” жоме

масжиди имом-хатиби