ТИНЧЛИК ШУКРОНАСИ

Истиқлол – бу Аллоҳ таолонинг берган улуғ неъматларидан биридир. Инсон обод ва озод Ватанда ҳаёт кечириши унинг бахту саодатидир. Зеро, ватандошимиз Имом Бухорий ўзининг “Ал адаб ал муфрад” китобида қуйидаги ҳадисни келтиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким манзили тинч, тани саломат, бир кеча – кундузлик озуқаси бор ҳолда тонг оттирса гўё унга бутун дунё тўлалигича берилибди”, деганлар. Ҳадиси шарифни ҳаётимиздаги ўрнига бир эътибор қаратайлик.

Эрталаб уйқудан туриб, кўзимизни очсак ҳаёт эканмиз. Аллоҳ яна яшаш имконини  берибди. Сўнг атрофга қараймиз ҳамма жой тинч, осуда. Уй ҳам тинч. Ўғри тушмаган, душманнинг хавфи йўқ. Биров эшигимизни таққиллатиб безовта қилмаган. Ўзимизга қараймиз танимиз саломат, аъзолардан шикоят йўқ. Уйимизда эса қорнимиз тўядиган озиқ – овқатимиз етарли даражада бор. Дам оладиган уйимизга эгамиз. Бировга ялинмаймиз. Дунёда инсон учун ҳақиқатда бундан ортиқ неъмат бўладими?! Тинчлик улуғ неъмат эканига шак-шубҳа йўқ. Ватанни кўз қорачиғидек асраш, уни ҳар хил бало ва офатлардан ҳимоя қилиш, ватандошлар аҳил ва иноқ бўлиб истиқомат қилишлари шариат талабидир.

Ватан ҳақида сўз кетар экан, бу борада кўп ва хўп гапириш мумкин. Ватан тушунчаси баъзилар ўйлагандек, шунчаки оддий тушунча эмас. Ҳар ким Ватан мадҳини ўзича ифода этади. Масалан: ҳофиз ўз тараннуми орқали, шоир шеърлари билан, қўйинки ҳар бир шахс ўз муҳаббатини нималар биландир баён этгиси келади.

Соф табиат дини бўлмиш Исломда ватан муҳаббати ардоқланади, тарғиб қилинади, мақталади. Ватанга хизмат қилиш, уни душманлардан асраш фарз ҳисобланади ҳамда унга хиёнат қилиш энг оғир гуноҳлардан саналади ва қаттиқ жазоланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Ватанни севишда, унга садоқат кўрсатишда ҳам бутун умматга гўзал ўрнак эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага кетаётганларида Маккадан чиқаётиб орқаларига ўгирилиб, “ Эй, Макка! Агар қавмим мени сендан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлар эдим” деганлар. Имом Термизий ва ибн Можа ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзлари билан ватанларини қанчалик севишларини, уни соғиниб яшашларини билдирдилар. Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсон табиатида мавжуд бўлган бир нозик ҳис-туйғу экан.

                    

Убайдулло ҚАЮМОВ,

 Янгиқўрғон тумани “Каюм ота” жоме масжиди имом-ноиби