Тинчлик ва бағрикенглик – ислом динининг моҳияти

Ислом сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик”дир, у ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди. Бугунги мураккаб бир даврда инсоният учун тинчлик, барқарорлик неъматлари қанчалик улкан қийматга эга эканини чуқур англаб етмоғимиз зарур.

Тинчлик – барча халқларнинг азалий орзуси бўлиб келган. У инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олган энг олий қадрият ҳисобланади. Бу неъмат бебаҳо экани ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтилган. Хусусан, Қуръоннинг 50 дан зиёд сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар тинчлик, эзгулик ва бағрикенгликка чақирилган. Шунингдек, Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Икки энг азиз неъмат бор, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий).

Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани бежиз эмас, албатта. Шунингдек, доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади”, “Тинчлигинг – ҳурлигинг” каби мақолларда ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади.

Шунинг билан бирга, ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, ҳатто ўзга дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Ислом ўзидан олдинги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳллари билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирилган. Унинг таълимотига биноан барча Пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшиликдан тўсмаслиги лозим. Бу борада Қуръони каримда:

لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ

“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8). Ушбу оятдаги тафсир китобларда айтилишича: “Сизлар билан урушмаган ўзга дин вакиллари билан яхши муносабатда бўлинг”. Бунда диний бағрикенгликни таъминлашдан асосий мақсад барча эътиқодларга бирдек эргашиш эмас, балки ўз эътиқодида мустаҳкам турган ҳолда ўзга дин вакиллари билан тинч-тотув, ҳамжиҳатликда яшаш, эзгу ишларда ҳамкорлик қилиш орқали тараққиёт, илм-фан ривожи учун тинчликни қарор топтириш кўзланади.

Юқорида қайд этилганидек, ислом тинчлик, хотиржамлик, бағрикенглик ва моҳиятан енгиллик динидир. У диний мутаассибликнинг ҳар қандай кўриниши, хусусан, кишининг ўз фикрида муросасиз бўлишини қаттиқ қоралайди. Демак, ҳар бир ишда, ҳатто эътиқод масалаларида ҳам мўътадиллик тамойилларига риоя этиш ислом динининг асослари ҳисобланади. Зеро, Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ислом енгил дин экани, уни қийинлаштириш, унга ўзгача талқин ва қарашлар олиб кириш қораланиши атрофлича ёритилган. Жумладан, Қуръони каримда бундай дейилади:

str يُرِيدُ اللَّهُ أَنْ يُخَفِّفَ عَنْكُمْ وَخُلِقَ الْإِنْسَانُ ضَعِيفًا

“Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) енгиллатишни хоҳлайди. Ахир, инсон заиф яратилган-да!” (Нисо, 28).

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تُحَرِّمُوا طَيِّبَاتِ مَا أَحَلَّ اللَّهُ لَكُمْ وَلَا تَعْتَدُوا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ str

“Эй, имон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангиз ва ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди” (Моида, 87). Шунингдек, диний масалаларда ҳаддан ошганлар ҳақида Пайғамбаримиз (алайҳис-салом) ҳам ўзларининг қатор ҳадисларида кўп бор таъкидлаб, уларнинг аксарияти Аллоҳнинг ғазабига учраб, ҳалок бўлганини айтиб ўтганлар. Жумладан, Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади”, дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса, Расулуллоҳ (алайҳис-салом) “Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди”, деб уч бора такрор айтганларининг ўзида ҳам мутаассиблик ва ғулувнинг нақадар қораланганини кўришимиз мумкин. Шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ҳам бундай дейилади: “Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Қизиқтиринг, бездирманг!”

Демак, бугунги кунда дунё ҳамжамиятида мафкуравий хуружларнинг ёшлар тарбиясига кўрсатаётган салбий таъсири ҳар бир мамлакат, давлат, халқ олдида турган долзарб муаммолардан бири саналади. Бундай шароитда ўсиб келаётган баркамол авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар онгини турли хил ёт ғоя ва ахборот хуружлардан сақлаш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, глобаллашув жараёнида кишиларни, айниқса ёшларни турли хил кўринишдаги мафкуравий хуружлар таъсиридан асрашда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш зарур:

  • мустақил фикрга эга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга шахсларни тарбиялаш, ёшлар қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантириш орқали ҳар хил бидъат-хурофот амалларни фарқлаш, турли диний оқим ва йўналишлар таъсири ҳамда ақидасига қарши иммунитет ҳосил қилиш;
  • мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш; гўёки ислом динини ўргатишни ваъда қилаётган шубҳали шахслар билан мулоқот қилмаслик, ноқонуний тарзда чоп этилган ёки тайёрланган диний мазмундаги адабиёт, диск, мобил телефонлардаги материаллардан фойдаланмаслик ва олиб юрмаслик, интернет тизимида диний экстремизм, терроризм ва миссионерликни тарғиб қиладиган сайтлардан ёшларни муҳофаза қилиш;
  • ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини шакллантириш, ёшлар онгида ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, эл-юрт шаънини ардоқлаш каби улуғвор фазилатларни камол топтиришда оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги асосида иш ташкил этиш;
  • бугунги ахборотлар алмашинуви жадал кечаётган вақтда диний масалаларга оид маълумотларни тўғридан тўғри қабул қилиш ва унга эътиқод қилишга шошилмасликни тавсия ва тарғиб қилиш ҳамда ахборот хуружлари асирига айланмаслик лозим;
  • аҳолиси ўртасида дин ҳақида нотўғри салбий тушунча ва тасаввурлар уйғонишининг олдини олиш мақсадида ақида, ибодат ва бошқа диний масалаларга оид саволлар билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари, уларнинг вилоятлардаги вакиллари, маҳаллий имом-хатиблар ва диний соҳа мутахассисларига мурожаат қилиш.

Демак, ахборот кураши авж олган XXI асрда дин ниқоби остидаги турли хил кўринишдаги мафкуравий хуружлардан ҳимоя этишда маънавий-маърифий тарғибот ишларининг таъсирчанлигини ошириш, ҳаётимизда содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар ҳақидаги чуқур таҳлилий маълумотларни ёш авлодга етказиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, бунда “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Наманган шаҳар вакили

Мусохон Аббаситдинов