Тинчлик ва хотиржамлик асоси

Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил этиш, бошлиғи ким бўлиши, аъзоларини ҳуқуқ ва бурчлари, фарзандлар тарбияси, умуман, оилавий ҳаётнинг барча масалалари атрофлича ўрганиб чиқилган ва керакли кўрсатмалар берилган.

Қуръони каримда никоҳ ва оила ҳақида элликдан ортиқ оят бор. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари битилган китобларда никоҳ тўғрисидаги ҳадислар алоҳида бўлимларни ташкил қилади.Минг афсуски, кейинги пайтда оилани асраб-авайлаш ўрнига, дунёнинг арзимас сабаблари туфайли оилавий ажримлар кўпайиб бораётгани жамиятимиз учун ачинарли ҳол. Аллоҳ таоло берган кенг имкониятни тушунмаган ҳолда поймол қилиб, никоҳни узрсиз ажримга олиб келувчи эркак ёки аёл Аллоҳ таолонинг буйруғини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ижро қилмаган киши саналади.

Диний ва миллийлигимиз таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Никоҳланиш нафақат Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экан, балки ўтган барча анбиёлар учун ҳам суннат бўлганини таъкидлаб ўтилган. Аёл ва фарзандларни Аллоҳ таоло ато этиши баён қилинган. Айни шу хабарни бериб расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса мендан аввалги пайғамбарларнинг суннати. Улардан бири никоҳ ва оила” - дедилар.

Демак, ҳаётдаги оиланинг бардавомлиги биринчи навбатда эр-хотиннинг ўзаро тотув яшаши, бир-бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч-тотувликни брпо этишлари билан таъминланади. Бу ҳақда Қуръони Каримда бундай дейилган: “...Улар билан тотув турмуш кечирингиз...” (Нисо, 19).

Бу ояти каримадан ҳосил бўлаётган маъно-мазмунга таяниб, айтиш мумкинки, ислом таълимоти оила аъзоларининг Аллоҳ таоло розилигини топишини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқлари билан зийнатланишини ва инсоният наслини пок йўл билан давом эттиришини талаб этади.

Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан холи, тинч ва обод бўлиши, аввало, ушбу кичик жамият – оиланинг тинч-тотувлиги, аҳиллигига, покиза турмуш кечиришига боғлиқ. Оиладаги ҳар бир шахс ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиб бажариши билан оила тинч-хотиржамлиги ва бахт-саодати таъминланади, барқарор ва мустаҳкамбўлади.

Ислом илк даврданоқ оилада аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ҳурматини жойига қўйиш билан уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтирган. Аёл ишига ҳурмат-эътиборда бўлишни тарғиб этган.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангизданкўра аҳли аёлига яхшироқ муомала қилувчингизман” дейилади.

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили