ЖАННАТМАКОН ЮРТИМИЗДАГИ ДИНИЙ ИСЛОҲОТЛАР

Мамлакатимизда сўнгги йилларда фуқароларнинг диний эркинлигини таъминлаш, бағрикенглик, маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам аҳамияти беқиёс ишлар амалга оширилаётганини ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Янгидан барпо этилаётган масжидлар, улуғ аждодларимиз номидаги мажмуалар, очилаётган диний таълим муассасалари, соҳада халқаро ҳамкорлик ривожланиб, чет эллик таниқли уламоларнинг диёримизга ташриф буюраётгани, нуфузли ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилаётгани юртдошларимизга чексиз қувонч, ғурур-ифтихор бағишламоқда.

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк алломаларимиз номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми олий мактаби, Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилгани юртимизда ислом илмини янада равнақ топтиришга, муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, маърифат ва эзгулик моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ва тарғиб этишга хизмат қилишини, мўмин-мусулмонларга янада кенг шарт-шароитлар яратишини нафақат халқимиз, балки жаҳон аҳли юксак эътироф этаётир.

Жаҳоннинг етакчи экспертлари ва илмий доиралари томонидан Ўзбекистондаги диний-маърифий ислоҳотларга билдирилаётган муносабат, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро майдонда эътироф этилаётганининг амалий ифодасидир.

 

Муҳаммад Аюб ФАХРИДДИНОВ,

Тўрақўрғон тумани " Абдулваҳҳоб қори" жоме масжиди имом-хатиби