БОТИЛ ҒОЯЛАРДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК!

Маълумки, ҳозирги кунда жамиятимиз ниҳоятда мураккаб, яъни глобаллашув давр, аҳборот қабул қилишнинг турли йўллари ривожланган пайтини бошидан кечирмоқда. Албатта, ушбу ривожланиш миллатнинг, юртнинг ривожига , ҳалқларнинг ўзаро фикр алмашишлари ҳамда кўллаб оламшумул кашфиётларнинг пайдо бўлишига замин яратиши табиийдир. Лекин, танганинг иккинчи томони ҳам бор деганларидек, бундай имкониятлардан мафкураси бузуқ бўлган айрим шаҳслар ҳам ўзларининг қабиҳ режаларини амалга оширишга имкон қадар унумли фойдаланишга интилаётганлари кишини ҳавотирга солади. Масалан, дин ниқобидаги турли экстрамисик оқимлар ёки бундай  оқим раҳбари, ижтимоий  тармоқларда ўз сайтларини ташкил этиб, ушбу сайтлар орқали аслида исломнинг соф эътиқод принципларига мутлақо зид бўлган нотўғри маьлумотларни оммага тарғиб қилаётганлари фикримизга далилдир.

Бундай ҳаддан ошган кимсалар ўзларини фаҳр билан “Мужоҳидлар” деб айтадилар ва динга нисбатан шижоати кучли, бироқ етарли тушунчага эга бўлмаган оми кимсаларни ўз тўрларига баландпарвоз даъватлари билан илинтиришга ҳаракат қиладилар.

Динда ҳаддан ошишлик Қуърони Карим ва Ҳадиси шарифларда ҳам қоралангани уларни фаолиятлари нотўғри эканига далилдир.

Аҳли суннат вал жамоа уламоларидан ҳанафий олим Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳматиллоҳи алайҳининг таъкидлашларича мусулмон икки йўл орқали ҳақ йўлдан адашиб кетиши мумкин. Биринчидан: молу-дунё унинг кўзига гўзал қиёфада номоён бўлади. Бундай инсон ҳар қандай йўл билан ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик каби нопок ишлар билан бўлса ҳам бойликка интилади. Имом Таҳовий бунга қуйидаги ҳадиси шарифни далил  келтирадилар. “Жаннатга қиё боқсанг гўёки жирканч нарсалар билан ўралган, дўзаҳ эса шаҳватли нарсалар билан ўраб қўйилган”  (Имом Буҳорий ривояти)

            Бу ҳадисдан мурод шуки бу дунёда инсоннинг кўзига ҳалоллик жирканч, эгрилик, бузғунчилик эса чиройли ҳолда туюлади.

            Иккичидан эса,  инсонлар динда ғулуга (ҳаддан ошиб) кетадилар. Бунга қуйидаги ҳадиси шарифни далил келтирадилар. “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинг,  дарҳақиқат сиздан олдин келганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилган”. (Имом Насоий ривояти)

            Диний эътиқодга ҳаддан ошган кимса кўзларини ўзининг мутаассиб йўллари ва қарашлари шамғалатиб қуяди. У дин ниқоби остида барчани “Хаворижлар” каби асоссиз, таҳлилсиз кофирликда айблайди. Унинг эътиқодига кўра эл бошлиғи, юрт ҳам унинг йўлига юрмагани учун кофир ҳисобланади. Боз устига бундай жоҳил соҳта диндорлар  ўзларининг мафкураларига қарши чиққан ҳар қандай дин арбобларини ҳам мунофиқликда, ҳатто диндан чиққанликда айблайдилар.

            Имом Таҳовийнинг таъкидлашларича мусулмон  мусулмонга қарши қилич кўтариши мутлақ мумкин эмас. Бунга қуйидаги ҳадиси шарифни далил келтирадилар. “Ла илаҳа иллаллоҳ ва мени Расулуллоҳ деб гувоҳлик берадиган мусулмон кишининг қони бошқа мусулмонга ҳаромдир, фақат уч нарса туфайли оилали зинокор, ноҳақ одам ўлдирган киши ва ўз динини тарк этиб, жамоадан ажрагувчи бундан мустасно” (Имом Буҳорий ривояти).

            Лекин мазкур ҳадисда жазога муқаррар бўлган мусулмонларни ҳам тўғридан тўғри қатл қилиш эмас балки қозининг ҳукмига асосан иш кўриш лозим бўлган.

            Биз гуноҳкорларга жазо ёки ҳад бериш масаласида эмас балки ўз йўлига эргашмаган ҳар қандай инсоннинг қонини тўкишга интилаётган ва буни “Жиҳод” деб атаётган жоҳиллар ҳақида сўз юритмоқдамиз. Чунки бундай жоҳил кимсаларнинг юртимизда ҳам учраб туриши ачинарли ҳолдир.

            Имом Таҳовий ўз асарларида ҳукмдор бошлиқларга қарши чиқиш ислом шариатига ҳилоф эканини қуйидагича таъкидлаганлар. “Имомларимиз ва ишларимизнинг волийлари (раҳбарлар) га гарчи зулм қилсалар ҳам уларга ҳуруж қилмаймиз. Уларни дуои бад қилмаймиз. Уларга итоат қилишдан қўлни тортиб олмаймиз. Уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш деб биламиз. Фақатгина улар бизларни маьсиятга буюрмаслар уларнининг ҳақларига хайр ва авф сўраб дуо қиламиз”.

            Ушбу фикрга қуйидаги ҳадисни далил келтирганлар. “Кимки менга итоат қилса ҳақиқатда Аллоҳга итоат қилибди. Кимки менга осий бўлса, ҳақиқатда Аллоҳга осий бўлибди, кимки амирга (яни раҳбарга) итоат қилса ҳақитқатда менга итоат қилибди ва кимки амирга осий бўлса, хақиқатда менга осий бўлибди”. (Имом Буҳорий ривояти)

            Аслида  тарихда   ҳамҳозирги   кунда   фаолият   олиб  бораётган  экстремистик  оқимларга  ўхшаш  фирқаларга  хорижийларни мисол  келтириш   мумкин.  Айнан  ушбу  оқим  вакиллари ҳар қандай  гуноҳ  қилган, уларнинг  йўлларига  юрмаган  мусулмонларни   куфрда  айблаб,қатл қилишни  вожиб  ҳисоблаганлар.Демак,  ҳозирги  кундаги дин ниқобидаги реакцион  оқимларни  хорижийларнинг “меросхўрлари” деб ҳисоблаш мумкин. Демак, ҳозирги кунда ўз юртига, миллатига қарши қурол кўтараётган махфий равишда тинч аҳолининг осойишта ҳаётига раҳна солиб, жонига қасд қилаётган оқимларнинг ҳаракатларини “Жиҳод”деб аташга  ва уларни “Мужоҳид” сифатида  тан олишга ҳеч қандай асос йўқ. Аксинча, ботил оқимларнинг фаолиятига чек қўйиш учун курашиш  аслида ҳақиқий “Жиҳод” тушунчасининг барча тамойилларига мос келади.

            Аъзамжон Дедамирзаев,
Уйчи туман “Қамбарбойвачча” жоме
масжиди имом хатиби