Ахлоқинг гўзал бўлсин

  Кўпинча, хулқнинг яхшилиги халқ билан бирга зикр қилинади. “Фалончининг хулқи ҳам, халқи ҳам гўзал”, дейилади. Бу унинг ичи ҳам, сирти ҳам яхши, деганидир. Хулқдан мурод ички сурат, халқдан мурод ташқи суратдир. Зотан инсон жасад ва нафсдан иборатдир. Жасад тан кўзи ила, нафс қалб кўзи ила идрок қилинади. Уларнинг ҳар бирининг ўзига яраша шакл шамоили, чиройли ва хунук сурати бор. Қалб кўзи ила идрок қилинадиган нафс тан кўзи билан идрок қилинадиган жасаддан улуғдир. Шунинг учун ҳам амаллар яхши бўлса, “яхши хулқ” деб, ёмон бўлса, “ёмон хулқ” деб аталади.

Бадан еб ичиш ва тарбия билан мукаммал бўлгани каби, нафс ҳам тўлдирилишга мухтож ҳолда яратилган. Агар бадан соғлом бўлса, табибнинг вазифаси кишининг соғлиғини сақлаш бўлади. Агар у бемор бўлса, соғлигини тиклашга ҳаракат қилиши керак бўлади.

Баданнинг хасталигига сабаб бўлган иллатни унинг зидди билан даволанади. Иссиқлик сабабидан хаста бўлган бўлса, унга совуқлик берилади. Тескариси бўлса аксинча даволанади.

Шунингдек, ахлоқнинг бузуқ бўлишига сабаб бўлган қалб ҳасталиклари ҳам ўзининг зидди ила даволанади. Мисол учун, жоҳиллик дарди илм билан даволанади. Бахиллик дарди сахийлик билан, кибр эса тавозуълик билан даволанади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам хулқ борасида ўрнак бўлганлар. Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримда“Сиз буюк хулқ узрадирсиз” деб марҳамат қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул бўлиб келишларидан кўзланган асл мақсад ҳам камоли хулқни тиклаш эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: “Мен гўзал хулқларни камолга етказиш учун юборилдим”, деганлар.

Одоб масаласи исломда ўта муҳим ўрин тутади. Чунки Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда одобнинг ўрни жуда муҳим. Беодоблик барча нарсани, амални ҳам, қалбни ҳам, тилни ҳам бузади. Одобсиз одам бирор нарсага эришиши, жамиятда яхши ўрин топиши мумкин эмас. Шунинг учун машойиҳларимиз: “Ким нимага эришса, фақат одоб билан эришади. Ким нима билан қуласа, фақат беодоблик билан қулайди”, деганлар

 

Аюбхон ФАХРИДДИНОВ

Тўрақўрғон туманидаги “Абдуваҳҳоб қори”

жоме масжиди имом-хатиби