Амалда ихлос

  Ҳазрати Умар (р.а.) халифалик даврида бир шаҳарда ёнғин чиқди. У шу қадар шиддатли эдики, ҳатто тошлар ҳам қуруқ ўтиндек аланга оларди. Борган сари кучайиб бораётган ёнғин уйлар, бино-ю иморатлар, ҳатто қушларнинг қанотларини ҳам куйдирмоққа бошлади. Олов қисқа муддатда шаҳарнинг ярмини қуршаб олди. Одамларнинг ёнғинни ўчириш учун сепаётган сувлари ортиқ кор қилмас, қилинаётган ҳамма ҳаракатлар бефойда эди. Ноилож қолган шаҳар аҳли ҳазрати Умар (р.а.)га мурожаат қилдилар:

    “Эй амирал мўминин!  Бизга ёрдам беринг!” – дея, ёлвордилар.

   Ишнинг моҳияти ва сиридан хабардор бўлган ҳазрати Умар (р.а.): “Бу ёнғинда Аллоҳ таолодан бандаларига ишорат бор. Шиддатли олов қалбларингиздаги хасислик оташининг алангасидир. Бу ёнғиндан аввал ичингиздаги оташни ўчиринг! Йўқсилларга, фақирларга ёрдам қўлини чўзинг! уларнинг ҳолидан хабардор бўлиб туринг” – дедилар.

   Шаҳар аҳли халифанинг сўзларига бири олиб, бири қўйиб эътироз билдира кетишди: “Биз сахий инсонлармиз, фақирларни тўйдирамиз, бева-бечораларга, камбағалларга ёрдам беришдан ҳеч қачон қочмаганмиз.” –дейишди.

   Уларга ҳазрати Умар (р.а.) шундай жавоб қайтардилар: “Бу ишларни Аллоҳнинг ризолигини кўзлаб эмас, одат тусига киргани учунгина қиласиз. Фақирларга хўжакўрсинга ёрдам берасиз, саҳоватдан муродингиз эса мақтаниш, саҳий эканлигингизни кўрсатиш, холос. Бу ёмон одатингизни тарк этинг ва Аллоҳнинг раҳмат-мағфиратидан умид қилинг.”-дедилар.

     Ўйлаб қоласан киши...? Ҳазрати Умарнинг бу сўзлари гуё  бугунги кун учун бизга айтилгандек. Амаллармизни холис Аллоҳ учун қилайлик ва мукофатни ўзидангина сўрайлик.

 

Манбалар асосида

Наманган тумани  “Ал Масжидун Набавий”

жоме масжиди  имом-ноиби

 Алихон Олимов тайёрлади