ИЛМ НУРДИР


Ислом – илм динидир. Инсониятга қиёматгача дастурул амал бўлган Қуръон каримнинг илк оятлари ҳам бунга яққол далил бўлади. Муқаддас динимизда илмнинг ва уламоларнинг ўрни беқиёс. Дунёнинг мувозанатда туриши ҳам Аллоҳни қалбига жойлаган, тақводор уламоларга боғлиқ, чунки олимлар бузилса олам бузилади. Илм билан инсон жаннат томон элтувчи йўлини ёритади. Илм қанчалик кучли бўлса у шунчалик кенгроқ ерни ёритади. Дунёдаги барча нарса вақт ўтиб, ишлатилиб, камайиши аниқ, лекин илм қанча ишлатилмасин ортса ортадики ҳеч қачон камаймайди. Илм олиш инсон учун нақадар бебаҳо неъмат ҳисобланади. Нафақат илм олиш балки уни тарқатиш ҳам саодатли амаллардан биридир. Шу боис, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи саҳобаларига илм олиб, уни тарқатишни Ислом дини йўлида жиҳодга чиқишдан ҳам афзал кўриб қуйидаги ояти каримани нозил қилди: «Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!»  (Тавба сураси, 122оят).
Бошқа бир оятда айтилади:  «Агар билмасангиз, аҳли илмлардан сўрангиз»  (Наҳл сураси, 43-оят). Албатта, аҳли илмлар, шариат аҳкомларини пухта эгаллаган уламоларимиз биз билмаган саволларга жавоб топиб, биздаги жоҳиллик зулматини илм нури ила ёритиб берадилар. 
Барчамизга ҳадислардан маълумки, илм олиш ҳар бир мусулмон эркак аёлга бирдек фарздир.     Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) илм олиш фазилатини шундай баён қиладилар:
«Аллоҳ таоло инсонларга берган илмини улардан қайтариб олмайди. Лекин илм олимларнинг кетиши билан йўқолади. Ҳар бир олим қайтса (вафот қилса), у билан бирга ундаги илм ҳам кетади.  Ҳаттоки диний мақомлар нодон, жоҳил раҳбарлар қўлида қолади.  Улардан фатво сўралса, жоҳилона фатво берадилар, ўзлари ҳам адашадилар, бошқаларни ҳам адаштирадилар».
Юқоридаги ҳадисдан биз, илм ўз соҳибини тарк этмаслигини ва шу билан бир қаторда агар Аллоҳ таоло бандаларидан илмни кўтариб қўйишни ирода этса, аввало, илм соҳибларини, яъни олимларни кетказиш билан ўша қавмдан илмни кўтариб қўйишлигини тушуниб олишимиз мумкин бўлади. Бу ҳам етмагандек жоҳил инсонлар диний мақомларни эгаллаб, ўзлари хохлаганча фатво ва буйруқлар бериб, ўзларини ҳам бошқаларни ҳам йўлдан оздиришлари маълум қилинмоқда. Банда учун афзал илм бу ҳол илмидир. Айни пайтда бажарилиши лозим бўлган амалнинг илмини билмоғи инсонга лозим бўлади. Шунда қиладиган иши нуқсон ва камчиликлардан ҳоли ва илм билан бўлгани сабабидан мукаммал бўлади.

Шукруллоҳ Тохтабоев,
Наманган тумани "Ал масжидун набавий" жоме
масжиди имом-хатиби