ИЛМ САОДАТ КАЛИТИ

Динимизнинг бош манбаси бўлмиш  Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомда эканлиги таъкидланган.

Ислом дини инсонга илм ўрганишни, манфаатли билимлар соҳиби бўлишни, жаҳолатни йўқ қилишни буюради, чунки инсоннинг яратилиш ғояси Аллоҳни таниш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиб, динимизнинг кўрсатмаларига амал қилишдир.

Румий ҳазратлари айтганларидек: «Жаҳолат – зулматдир. Қоронғида дарахт дев бўлиб, олма эса тош бўлиб кўринади». Жоҳил одамга оддий нарса қўрқинчли бўлиб, яхши нарса фойдасиз бўлиб кўринади. Бу иллатнинг давоси эса талаби илмдир. Илм ҳақ билан ботилни фарқлашнинг энг муҳим воситаларидан биридир, битмас-туганмас хазинадир.

Ислом динида илм Аллоҳ таолонинг розигини олиш ва солиҳ амал қилиш мақсадида ўрганилади. Ихлос билан ўрганилган илм инсонни Аллоҳга яқинлаштиради, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлига эргаштиради, соҳибининг юксак даражаларга кўтаради. Илм  шу қадар фазилатли амалдурки, уни ўргатган олимлар, устозлар, мураббий ва муаллимларнинг фазли шунчалик юқоридир. Албатта, бизни илм денгизидан, ҳикмат сарчашмаларидан баҳраманд қилган устозларимизнинг даражотлари бениҳоя юксак бўлади. Ҳар бир инсонни, у ҳарчанд кўп илмга эга бўлмасин, бир камтар устоз ўқитган, тарбиялаган бўлади. Ҳеч ким ўз-ўзидан олим бўлиб қолмайди. Шунинг учун ёшликдан илм олишга интилиб, бу йўлда учрайдиган қийинчилиг-у машаққатларга бардошли бўлишга харакат қилишлик лозим. Илм фақат ўқиб-ўрганиш билан ҳосил бўлади. Бу эса илм ўрганувчидан ирода, қатъият, ғайрат-шижоат талаб қилса, устоздан меҳр, талабчанлик ва тоғдек сабр-матонат талаб қилади.

Бизнинг аждодларимиз, устозларимиз илм соҳиблари бўлганлар, илм ўрганишни ўзларига фарз деб билганлар, илм ўргатишни ўзларига бурч деб билганлар. Ушбу олиму уламолар, бутун дунё инсонларига мударрис бўлдилар, Ислом нурини бутун оламга таратдилар, бутун дунёни илму маърифатга, кутубхоналарини китобларга тўлдирдилар. Минглаб буюк ватандошларимиз жаннатмакон Ватанимизнинг довруғини бутун жаҳонга ёйдилар.

Бугун биз ҳам буюк аждодларимиз йўлларини ўзимизга дастурул амал қилиб, илм олишга, уни ёйишга интилмоғимиз даркор.

Юртимизда билимли бўлиш учун барча шароитлар етарли. Биз илм сирларини мукаммал ўрганиш йўлида жаҳон кезган, ҳаётини ирфонга бағишлаган буюк алломаларнинг авлоди эканлигимизни унутмаслигимиз лозим.

Авазбек Тўраев,
 Норин тумани “Қурбон ота” жоме
масжиди имом хатиби