ИНСОН ЗИЙНАТЛАРИДАН БУ ОДОБ-АХЛОҚДИР.

Одобли, билимдон, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир. Дарҳақиқат, ҳар бир фарзанд шахси оилада шаклланади. Демак, оила-баркамол авлод пойдевори ҳисобланади. Шундай экан, оилада фарзандларни ахлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш, она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади.

Оилада фарзандларни ўз бурчига садоқат руҳида тарбиялаш масъулият, онглилик, виждон каби фазилатлар билан чамбарчас боғлиқдир. Бунда ота-онанинг ўзаро самимий муносабати, уларнинг фарзандлари билан яқин, дўстона муносабатда бўлиши, уларнинг келажакдаги орзу-мақсадларини тушуниб олишлари, фарзандларнинг соғ-саломат вояга етишлари учун асос бўлади.

Инсон тарбия жараёнида яхши хулқ-атворга, одатларга ва ақл-фаросат омилларига эга бўлган бўлса, ҳаёт сабоқларини шунчалик яхши англайди ва яхши ишларни амалга оширади, ва аксинча, қанчалик тарбияси кам, ҳаётий кўникмалари оз бўлса, бундай шахс баъзан билиб ёки билмай ёмон ишларга қўл уради.

Ҳеч қачон болаларни тарбиялашда йўл қўйилган хато-камчиликлардан кўз юммаслигимиз керак. Ҳозирги турмушимизда баъзи бир одобсиз, билимсиз, ақлсиз, гиёҳванд, ота-онасига қўл кўтарадиган ва ўз болаларининг бахтсиз яшашига сабабчи бўлаётган кишилар учрайди. Бундайларнинг пайдо бўлишига асосий сабабчи ота-оналари-ку? Боласининг инсоний хатти ҳаракатларига уларнинг тарбияга лоқайдликлари сабаб бўлган.

Яхши тарбия, баъзилар ўйлаганидек, бир соатлик ёки бир кунлик иш эмас. Мақсадли тарбия тарбиячидан чидам, матонат, катта билим ва тажриба талаб қилади. Демак, ҳар бир ота-она ва ўқитувчи тарбияга оид билим ва малакага эга бўлиши шарт.

Болалар тарбиясида тезда ижобий натижаларга эришиш учун уларга билим бериш билан бирга, маълум меҳнат жараёнларига жалб этиш, касб ва мутахассислик сир-синоатларини қўшиб ўргатиш мақсадга мувофиқдир. Тарбия ишининг баъзан самарасиз бўлишига асосий сабаблардан бири тарбия жараёнида тартиб-интизомнинг бўлмаслигидир. Шахс қанчалик меҳр-муҳаббат ва тартиб-интизом асосида тарбияланса, ёмон хатти ҳаракатлардан шунчалик узоқ бўлади.

Тарбиянинг асосий мақсади ёшларни бахт-саодатли, ўз замонининг азиз, ҳурматли ва фидоий кишиси қилиб тарбиялашдан иборат.

Тарбиянинг мураккаблиги шундаки, у ҳеч қачон тугамайди, яъни киши туғилганидан то ўлгунига қадар зарур бўлади. Бундан ташқари, бир тарбия кўрган авлод ўрнига келган фарзандларни яна қайта бошдан тарбия қилиш даркор бўлади. Бу эса тарбиянинг тинимсиз даврийлигини ва абадийлигини кўрсатади.

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби