КИТОБ БИЛИМ МАНБАИ..

Инсоният илм, ақл заковати ила ўша илмга тўла тўкис амал қилиш билан юксак мартабаларга эришади. Шунинг учун Ислом дини илм олишни фарз яъни шарт қилиб, илм билан машғул бўлишни ибодат даражасига кўтарган.

Чунончи илм олишлик билан инсон аввало ўзини, ўзлигини танийди ва илм орқали бошқаларни тўғри йўлга чақиради. Бу яшаб турган дунё саодати охират рохатига илми хикмат ила эришилади. Шунинг учун Аллох илмли кишиларни бошқаларга нисбатан устун қўйди. Аллох ўз каломи бўлган Қуръони Каримда илмнинг нақадар улуғлиги ва хамда илм эгаларининг даражаларини юксак эканлиги хақида ишора қилиб (Зумар сураси 9 оятида) шундай дейди : “Айтинг (Эй Мухаммад с.а.в.) Илмлилар билан илмсизлар тенг бўла оладиларми?”

Илм олиш зарурлиги тўғрисида жаноби пайғамбаримиз Мухаммад алайхиссалом хадисларида: “Бешикдан то қабргача илм изланглар” деб мархамат қилганлар. Яна бир хадисларида “Ёшликда ўрганилган илм – тошга ўйилган нақш кабидир” деганлар. Илмнинг фазилати хақида пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Илм-дунёнинг азизлиги ва охиратнинг шарофатидир” деб айтганлар. Ва яна “Илм талаб қилишлик хар бир муслим ва муслимага фарздир” деб ўз хадисларидан бирида баён қилганлар. Чунки Ислом динимиз илм олишликни ибодат даражасига кўтарган диндир. Бу хақда машхур сахобалардан бири Абу Дардо розияллоҳу анҳу “Биргина масъалани ўрганишлигим туни билан нафл ибодат қилишимдан яхшироқдир” деганлар. Аллоҳ таоло томонидан Сулаймон алайҳиссаломга молу-дунё ёки илм олишлик иҳтиёри берилди. Шунда ул зот илмни иҳтиёр қилдилар. Илмнинг шарофати билан молу-дунё хам Сулаймон алайҳиссаломга ато қилинди.

Ўтган замонларнинг бирида ривоят қилишларича Басра аҳли бир-бирлари билан тортишиб қолдилар. Баъзилари илм афзал деса, баъзилари молу-дунё афзал дер эдилар. Сўнгра бир кишини элчи қилиб Ибн Аббос розияллоҳу анҳуни хузурига юбордилар. Элчига Ибн Аббос розияллоҳу анҳу “Албатта илм афзал” деб жавоб бердилар. Элчи яна сўради: Агар мендан илм афзал эканлиги хақида хужжат сўрасалар нима деб жавоб бераман? Ибни аббос розияллоҳу анҳу айтдилар, уларга шундай деб айтинг:

Албатта илм барча пайғамбарлар меросидир. Молу- дунё фиръавннинг меросидир. Албатта илм сизни халокатдан адашиб қолишликдан химоя қилиб сизга хизмат қилади. Молу дунёга эса сиз қўриқчи бўлиб уни хизматкори бўласиз. Яна илмни сарфлаганингиз сари у сира камайиб қолмайди, балки, янада зиёда бўлади. Молу-дунё эса сарфлаганингиз сари камайиб боради. Илмни улуғлиги хаммага маълум. Чунки илм бу нурдир, поклик хам нурдир. Икки нур бир бўлса, нур устига аъло нур бўлади. Бу амал хам китобларга бўлган эхтиромдир. Бу хақда буюк олим ватандош аждодларимиздан Бурхониддин Марғиноний шундай деганлар: Кунларнинг бирида устоз шогирдининг дарс қилаётан холатини кузатиб, шогирдининг китоб устига сиёхдон қўйиб турганини гувохи бўлди. Шунда устоз шогирдига насихат қилиб деди: “Эй шогирд, китобга хурматсизлик қилишинг натижасида сен дунё саодати ва охират рохатидан бенасиб қоласан. Китобга бундай хурматсизлик қилмагин”- деб дашном берди. Хазрати Навоий шундай деганлар: “Инсон хаётини молу-дунё безаклари билан эмас, аксинча илм билан безаб утсин”. Кишига зебу-зийнат – хикмат ва донишмандликдур.


Камолиддин Хамрақулов,
Норин тумани “Хақулобод”
масжиди имом-хатиби