МИСВОК - СУННАТДУР

         Мисвок – таҳоратнинг собит бўлган энг муҳим суннатларидан биридур. Таҳорат олувчи инсон оғиз чайиш вақтида “Арок” номли дарахтнинг новдаси билан ёки аччиқ таъмли дарахтларнинг новдаси билан тишларни ва тилини мисвок қилади. Ат-Тиббун-набавий китобида келтирилишича: Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳу таъала айтадилар: “Мисвок қилинадиган нарсаларнинг ичида афзалроғи арокдур. Чунки  у гапни фасохатли, тилни яъни нутқни равон қилади. Оғизни хидини ҳушбўй қилади, овқатни хазм қилади, димоғни тоза қилади. Ва мисвокни атиргулли сув билан шимдирилган холатда ишлатишлик аълороқдур”. Содруш – шахид айтади: “Аччиқ таъмли дарахтларни новдаси билан мисвок қилинади. Чунки у балғамни кесувчироқдур ва таомни хазм қилувчидур. Мисвок намли юмшоқ, тўғри бутоғи кам, кичик бармоқнинг йўғонлигича бўлсин. Узунлиги бир қарич бўлади. Ноъмалум дарахтдан бўлмайди. Чунки зарарли бўлиши мумкин. Чириган  ва эскирган бўлмаслиги лозим. Мисвок билан тишларни тозалагандан сўнг ёз кунларида совуқ сув билан, қиш кунларида эса илиқ сув билан оғзингизни чайинг. Бу табибларнинг фикрларидандур дедилар. Улар айтишадики албатта мисвок тилни яъни нутқни равон қилади, гапни яъни сўзларни соф, кўз қорачиғини мусаффо ва қалбни фарахбахш қилади. Кўп балғам ташлайдиган, кўп қайт қилувчи. Қуруқ йўтал, юз фалажи, кўп чанқайдиган, хафақон ва қуруқ кўз касалига мубтало бўлган инсонлар мисвокни тарк қилмасликлари зарурдур”.

      Жомиъул – фиқх китобида: “Мисвок қилишдаги суннат ўнг томондаги юқори тишлардан бошламоқ, сўнг чап томон юқори тишларни сўнг ўнг томон пастки тишларни ва кейин чап томон пастки тишларни  сўнг оғиз ичини олди қисмларини кейин тилнинг усти ва остини мисвок қилинади” дейилган. Имом Нававий айтадилар: “намоз вақтидан бошқа пайт ва қуръон қироат қилишлик учун оғизни мисвок қилишлик мустахаб бўлади агар очлик, уйқу ва ёқимсиз хидли нарсани истеъмоли сабаб оғизни хиди ўзгарган бўлса, инсонлар у сабаб азиятланмаслиги учун. Агар оғиз хидини қўл бармоғи ёки рўмолчага ўхшаган нарса билан кетказилса мисвок хосил бўлади”.

      Имом Ғаззолий ал-Иҳйа китобида зикр қилдилар: Намоз пайтида мисвок қилишлик мустаҳабдур. Зеро Пайғамбаримиз алайҳис салом дедилар: “Мисвок асари билан ўқилган намоз мисвоксиз ўқилган намоздан 75 даража афзалдур”. Яна Набийимиз алайҳис салом дедилар: “Агар умматимга машаққат қилмаганимда эди уларни хар бир намоз пайтида мисвок қилишга буюрар эдим”.

      Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг суннатларига амал қилиб иккала дунё бахту саодатига  эришувчи бандаларидан айласин. Омийн.

 

Замирбек Йўлдошев,
Янгиқўрғон тумани, “Поромон” жоме
масжиди имом-хатиби