ТАФАККУР ВАҚТИ

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифаликлари даврида бир шаҳарда ёнғин чиқди. У шу қадар шиддатли эдики, ҳатто тошлар ҳам қуруқ ўтиндек аланга оларди. Борган сари кучайиб бораётган ёнғин уйлар, бино-ю иморатлар, ҳатто қушларнинг қанотларини ҳам куйдирмоққа бошлади. Олов қисқа муддатда шаҳарнинг ярмини қуршаб олди. Одамларнинг ёнғинни ўчириш учун сепаётган сувлари ортиқ кор қилмас, қилинаётган ҳамма ҳаракатлар бефойда эди. Ноилож қолган шаҳар аҳли ҳазрати Умар (р.а.)га мурожаат қилдилар.

  • Эй амирал мўминин, бизга ёрдам беринг, – дея ёлвордилар.

         Ишнинг моҳияти ва сиридан хабардор бўлган ҳазрати Умар (р.а.):

         - Бу ёнғинда Аллоҳ таолодан ишорат бор. Шиддатли олов қалбларингиздаги хасислик оташининг алангасидир. Бу ёнғиндан аввал ичингиздаги оташни ўчиринг. Йўқсилларга, фақирларга ёрдам қўлини чўзинг, уларнинг ҳолидан хабардор бўлиб туринг, – дедилар.

   Шаҳар аҳли халифанинг сўзларига бири олиб, бири қўйиб эътироз билдира кетишди:

         - Биз саҳий инсонлармиз, фақирларни тўйдирамиз, бева-бечораларга, камбағалларга ёрдам беришдан ҳеч қачон қочмаганмиз.

   Уларга ҳазрати Умар (р.а.) шундай жавоб қайтардилар:

         - Бу ишларни Аллоҳнинг ризолигини кўзлаб эмас, одат тусига киргани учунгина қиласиз. Фақирларга хўжакўрсинга ёрдам берасиз, саховатдан муродингиз эса мақтаниш, сахий эканлигингизни кўрсатиш, холос. Бу ёмон одатингизни тарк этинг ва Аллоҳнинг раҳмат-мағфиратидан умид қилинг.

Мабалар асосида тайёрланди.

 

 
Алихон ОЛИМОВ,
Наманган тумани “ал-Масжидун-Набавий” 
жоме масжиди  имом-ноиби