ТАРБИЯ - ҲАЁТ АСОСИ

Ислом таълимотида ёш авлоднинг тарбияси, одоб- ахлоқи жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб улғайишига жиддий аҳамият берилган.

Таълим-тарбия, одоб-ахлоқ болаликдан берилгани маъқул. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биронтангиз ўз фарзандларингизни тартиб-интизомга ўргатса, бу ҳар куни садақа бергандан яхшироқдир”, дея марҳамат қилганлар. Болаларни интизомга ўргатиш оила мустаҳкамлигига асос бўлади. Ислом шу маънода ота-оналарни ўз фарзандларига соғлом тарбия беришга рағбатлантиради. Ҳадиси шарифда “Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларни яхши хулқ билан хулқлантиринг” деб таъкидланган.

Фарзандларимизнинг одоб-ахлоқ ва таълим-тарбиясига эътибор қон-қонимизга сингиб кетган бурчларимиздандир. “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган ибратли мақол ҳам айнан халқимизга хос. Мана шу мақолнинг ўзи ҳам фарзанд тарбияси, оилапарварлик биз учун нечоғлик муҳим эканини билдиради.

Маҳалла аҳли, айниқса кексалар кўчада нотўғри иш қилаётган бола олдидан ҳеч қачон бепарво ўтиб кетмаган, шу заҳотиёқ танбеҳ бериб тўғри йўлга чақирган. Зеро, ҳар томонлама чиройли, одобли, гўзал хулқли бўлиш, нафсни поклашга буюрувчи муқаддас динимиз оилага катта аҳамият беради.

Оиладаги муҳит ота-она ўз маъсулиятларини ҳис қилиши билан барқарор бўлади. Болаларнинг одобли бўлиб улғайиши учун ота-она билан бир қаторда маҳалла-куй ҳам катта ибрат мактабидир. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтмаган халқимиз.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки: фарзандларимизни соғлом, комил инсон қилиб тарбиялайлик-ки, улар ота-боболаримизга, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, ўз миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлишсин.

Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини шундагина яхши англаймиз.

 

Муҳибуллоҳ ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Тўрақўрғон тумани бош имом-хатиби