ТАРТИБЛИ ИНСОННИНГ УМРИ БАРАКАЛИ БЎЛАДИ

  Исломда киши диний, дунёвий барча ишлари маълум тартиб асосида бўлади. Чунки тартибга амал қилиш киши вақтини унумли ва баракали бўлишини таъминлайди. Тартибнинг муҳимлигидан шариатда ибодатларда ҳам тартибга риоя қилиш талаб этилган. Масалан, кундалик ўқиладиган намозлар қазо бўлса, уларни адо қилишда ўз тартиби бўйича адо этиш фарз бўлади. Мақсад ўқишни ўзи бўлганида қандай ўқиса ҳам бўлаверар эди, лекин вақтида адо этилмаган намозларни ўқишда ҳам тартиб сақлашга буюрилиши тартибнинг муҳимлигидандир.

   Бу фарз ибодатларда бўлса, суннат амалларда ҳам тартибни сақлаш муҳим. Намоз олдидан қилинадиган таҳоратни тартиб бўйича бажариш суннат. Шунингдек, бошқа ибодатларда ҳам. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари умматни тартибли бўлишга чақирганлар. Муборак ҳаж амалини бажараётганларида бугун қиладиган ишимиз аввал намози ийдни ўқимоқ, сўнгра қайтиб келиб қурбонлик сўймоқдир, ким шундай қилса суннатга риоя қилибди, ким бундан олдин сўйиб қўйса у қурбонлик бўлмай, оиласи учун сўйилган жонлиқдир, деб айтганлар.

    Мусулмонлар охиратга васила бўлгани учун ҳам дунё ишларини тартибга соладилар, киши дунёвий ташвиши камроқ бўлгандагина охират ишига имкон топиши мумкин. Дунёвий ҳотиржамлик охират ишларида катта ёрдам саналади. Бу борада Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Агар бирортангизни таоми ва намоз вақти ҳозир бўлиб қолса, аввал таомни тановвул қилсин, кейин намозни ўқисин", деган сўзларини келтириш мумкин. Намозда ҳаёлни турли нарсаларга чалғиши хузуъни кетказиши маълум. Жумҳур уламолар буни мустаҳаб санаган бўлсаларда, ўз мавзуси бўйича муҳимдир.

  Тартибли инсонларнинг умрлари ҳам баракали бўлиши кузатилган. Қайси машҳур аллома ҳаётини ўрганадиган бўлсак, албатта, улар барча ишларида тартибга риоя қилганликларини кўрамиз.

  Шайхул ислом Зарнушийнинг айтишича Бурҳонуддин Марғиноний сабоқни доим чоршанба куни бошлатар эканлар. Бунинг сабабини сўраганларида бунга ҳужжат сифатида келтирган ҳадисни Аҳмад ибн Абдурашиддан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган санад орқали ривоят қилир эканлар.

   Имом Бухорийнинг " Ал-адаб ал-муфрад" китобида, Аҳмад ва Баззорлар ўз муснадларида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ масжидида уч марта душанба, сешанба ва чоршанба кунлари дуо қилдилар. Дуолари чоршанба куни пешин билан аср орасида ижобат бўлди дейилган.

   Ҳадисни ривоят қилган Жобир ибн Абдуллоҳ: "Шундан кейин менга қандай бир муҳим иш пайдо бўлса, ушбу соатда дуо қилдим ва ижобатини кўрдим. Сизлар ҳам шу соатда дуо қилинглар", дейди.

   Бу одатга Лакнавий ҳам, у зотдан кейин келган кўплаб алломалар ҳам амал қиладиган бўлдилар. Улар, қайси иш чоршанба куни бошланса албатта оз фурсатда охирига етади, деб айтишар эди, дея келтирган. Баъзилар кўчат экиш ишини ҳам Ибн Ҳиббон ва Дайламининг Жобир розияллоҳу анҳудан қилган марфуъ хабарига мувофиқ, ушбу кунда бўлишини мустаҳаб деб билганлар, деган.

Иброхим Қосимхўжаев,
Наманган шахар

“Ғойибберди махдум” жоме
 масжиди имом хатиби