ТИЛ АЗАЛДАН БАШАРИЯТ УЧУН ЎЗАРО МУЛОҚОТ ВОСИТАСИ

    Тил азалдан башарият учун ўзаро мулоқот воситаси бўлиб келган. У жамиятда инсонларнинг бир-бирини тушунишлари, дўстона алоқа ҳамда ўзаро гўзал муносабатлари учун хизмат қилган. Донишмандлар ҳамиша инсон икки тиши орасидаги суяксиз тилни муҳофаза қилолса, нажот топиши, аксинча бўлса, ҳалокатга юз тутишидан огоҳлантириб келганлар. Муқаддас динимиз манбааларида ҳам рост сўзлашнинг фазилатлари, ёлғончиликнинг оғир оқибатлари ҳақида кўплаб кўрсатмалар мавжуд. Динимиз бу масалага алоҳида эътибор қаратгани, ушбу масала инсон ҳаётида муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатади. Рост сўзлаш борасида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: Абу Бакр Нофиъ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан шундай дегани ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттаси ҳақида хабар берайми?”, дедилар. Биз: “Ҳа, эй Аллоҳнинг расули” деб жавоб бердик. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш” дедилар. У зот суяниб ўтирган эдилар, (қаддиларини кўтариб) ўтирдиларда: “Ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам!” деб шунчалик кўп такрорладиларки, хатто “қанийди тўхтасалар” деб қолдик. Мана шу ҳадисни ривоят қилган саҳобанинг айтишича, у зот буни айтаверганларидан, ҳатто тўхтамасалар керак, деб ўйлаб қолган.

  Уламоларнинг таъкидлашларича, ушбу ҳадисни айтиш чоғи у  зотнинг ёнбошлаган ҳолатдан мустаҳкам ўтириб олганлари мазкур масаланинг нечоғлик муҳим аҳамият касб этишини англатади.

 Дарҳақиқат, тўғри сўзлик, ростгўйлик орқали инсон улуғ даражаларга ноил бўлади. Ислом дини башариятни эзгулик, яхшилик ва доимо  тўғри сўз бўлишга чақиради. Айни пайтда ана шундай гўзал хулқ билан зийнатланиш, юртимиз тараққиёти, ҳалқимиз фаровонлиги учун ҳаракат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

 

СаминжонПормонов,
Мингбулоқ тумани "Шоҳи Жалил" жоме
масжиди имом-ноиби