Ўрнида берилган дарс...

   Бир замонда ҳаётдан доим шикоят қилаверадиган қиз бор эди. Унинг фикрича ҳаёт ёвузликдан иборат бўлиб, уларга қарши кураш кўп муаммолар келтириб чиқаради – деб, тасаввур қилар эди.

Ёшгина қизининг нолишларидан чарчаган отаси унга сабоқ беришни кўнглига тугди. Касби ошпазлик бўлган ота шу қарор билан қизини ўзи ишлайдиган ошхонага олиб борди. Бир сўз демасдан, сув тўлдирилган учта қозончани олов устига қўйди. Уларнинг биринчисига картошка, иккинчисига тухум ва учинчисига қаҳва донларини солиб, жимгина ўтираверди. Қиз ҳеч нимани тушунмаётган бўлса ҳам, жараённинг охири нима бўлишини кута бошлади. Лекин сабри чидамади яна қанча кутамиз-дея, савол бера бошлади. Бироқ отаси унинг сўровларини жавобсиз қолдирди. Ниҳоят, йигирма дақиқа ўтгач, ота қозончаларни оловдан олди.

Картошка ва тухумни алоҳида-алоҳида ликобчаларга солди. Сўнгида учинчи идишдаги қаҳвани пиёлага бўшатиб, қизидан сўради:

   – Нимани кўраяпсан?

   – Картошка, тухум ва қаҳвани –деб, жавоб берди қиз.

   – Йўқ, сен буларга яқинроқдан қара, аввал картошкани ушлаб кўр.

Қиз картошкани қўлига олиб, унинг юмшаб қолганини айтди.

   – Энди тухумни текшир.

Қиз пўстлоғини арчиб кўрдики, тухум ҳам қаттиқлашган.

Охирида ота қизига пиёладаги қаҳвадан ҳўплашни буюрди. Қаҳванинг ёқимли таъми ва исидан қизнинг юзида мамнунлик акс этди.

Лекин қиз булардан ҳеч маъно чиқаролмади ва яна сўради:

   – Бундан кўзланган мақсадни тушунолмаяпман – деди.

Шунда отаси изоҳ берди. Аввал қийинчиликлар билан доимо юзма-юз яшайдиган инсонлар каби картошка, тухум ва қаҳвадонлари ҳам мушкул вазиятда, яъни, қайнаётган сув ичида қолишганини тушунтирди. Аммо бу жараённинг таъсири уларнинг ҳар бирида ўзгача намоён бўлди. Яъни, картошка гарчи қаттиқ, мустаҳкам кўринган бўлса ҳам, қайнатилгач, юмшаб қолди, кучдан кетди. Ичидаги суюқликни ташқи қобиқ қўриқлаб туришига қарамасдан, қайноқ сувда тухумнинг ичи қаттиқлашди. Фақат қаҳва донларининг ҳолати бошқача эди. Улар қайнаш давомида ўзлари ўзгарганлари сингари, сувни ҳам ўзгартирган, натижада тамоман янгича нарса юзага келди.

   “Сенга қайси ҳолат маъқул? – деб, хулосаларига якун ясади ота.

Ҳаётдаги қийинчиликлар қаршисида картошка каби эзилиб, иродани бой беришми?  Тухум каби қийинчилик пайтида  қалбнинг қаттиқлашуви-ми? Ёки қаҳва донлари каби ҳаётда учраган мушкулликлар, туйғулар камолига хизмат қилишини англаб, бу ҳолат ҳаётингга ўзгача, янги маъно бағишлашига йўл беришни маъқул кўрасанми?” Қиз отаси берган сабоқдан хулоса чиқарди.

 

 

Мабалар асосида Наманган тумани

“Ал-Масжидун Набавий”

жоме масжиди  имом-хатиби 

Тўхтабоев Шукрулло тайёрлади