ЖАННАТГА КИРИТАДИГАН АМАЛЛАРДАН…

     Мусулмон киши ўзининг ён атрофининг поклигига диққат қилиши керак. Уй-ҳовлисининг озодалигига, кўча-куй тозалигига қолаверса ўзи яшайдиган шаҳарининг тозалигига жуда ҳам диққат қилмоғи лозим. Чунки бу нарса динимизда ҳаттоинки иймон даражасига чиқарилган.

        Абу Барза ал Асламий розияллоҳу анҳу келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, мени жаннатга киритадиган амалга буюринг”. Шунда жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, деб айтдилар.

        Бу ҳадиси шарифдаги буюк маънога эътибор берсак, бир саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзини жаннатга киритадиган амални ихлос билан сўраяпти. Менга жаннат йўлини кўрсатинг, шуни қилсам, жаннатга кирадиган бўлай, деяпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, деяптилар.

         Демак, шу ишни қилсанг, жаннатга кирасан, демоқчилар. Одатда бизлар, эринчоқлик қилиб, йўлдаги озор берадиган нарсаларни олиб ташлашни унчалик хуш кўрмаймиз: “уни олсам, уст-бошим, қўлим, кир бўлади, кўрганлар нима дейди” каби ҳар хил андишалар қиламиз. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар йўлидаги озор берувчи нарсаларни олиб ташлашни жаннатга сабаб бўладиган амал деб айтганлар.

          Инсонларнинг ҳожатлари тушадиган жойлардан ахлатларни олиб ташлашлик, жуда катта ажрларга эга қилади. У хоҳ масжид бўлсин, хоҳ қабристон бўлсин, ёки одамлар дам оладиган масканлар, боғлар бўлсин, мана шу ерларни озода сақлашлик, ифлос қилмаслигимиз иймонимизнинг комиллигига далолат қилади.   

      Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки лаънатловчидан сақланинглар”. Саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  икки лаънатловчи нима у?” “Одамларнинг йўлига ва соя жойга хало қилган” дедилар. Бошқа ривоятда: “Учта лаънатловчидан – сув бошига, йўлга ва сояга қазои ҳожат қилишдан ва ахлат ташлашликдан сақланинглар”, дедилар. Ахлатларни кўчага чиқариб ташашлик.

        Мана шариатимизда жамоат жойларида озодаликка, тозаликка, озор берадиган нарсаларни йўқотишга қанчалик кучли тарғиб бор. Бу ҳадиси мубораклардаги ҳақийқатни тушуниб олайлик, ахир фаҳмига етайлик. Жамоат жойларида расво қилиб туришлик қанчалик ёмон эканлиги, аксинча тозалашлик эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буйруқлари эканлигини тушуниб етайлик.

      Хулоса ўрнида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларин келтирамиз: У зот дедиларки: “Бир киши йўлда кетаётганди, кўзи тиконли бир шох-шабага тушди ва “Аллоҳга қасамки, агар шуни олмасам бирорта мусулмонга зарар беради”, деб уни олиб ташлади ва Аллоҳ таоло шу иши сабабли гуноҳини мағфират қилди”

         Аллоҳ таоло барчаларимизни доимо поклик ва озодалик йўлидаги саъю ҳаракатларимизга Ўзи мададкор бўлсин, Ўзини рози қиладиган амалларда бардавом айласин.

 

 Муҳаммадхон Абдурахманов,
 Наманган шаҳар “Мулла Исмоил” жоме
  масжиди имом хатиби