ҚАБР ЗИЁРАТИ БИДЪАТМИ ?

Қабрларда ётган марҳумларни зиёрат қилишга катта ажр-мукофотлар белгиланган. Аслида қабристонда қилинадиган барча амаллар, жумладан, зиёрат ҳам Аллоҳдан савоб умидидадир. Зиёрат динимизда суннат амал бўлиб, жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаёт даврларида ота-оналарини зиёратлари, жаннатул Бақиъ ва жаннатул Муалло қабристонидаги марҳумларни ва ўзлари вафот этганларидан сўнг қабри шарифларини зиёрат қилиш ҳақида ҳадиси шарифдаги буйруқлари, У кишининг саҳобалари ва тобеинлар, улардан сўнг ўтган барча улуғ инсонларнинг зиёрат амалини ибодат деб билганлари зиёратни солиҳ амал дейишимизга асосдир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оналари қабрини зиёрат қилдилар. Ўзлари йиғладилар, атрофидагиларни ҳам йиғлатдилар. Кейин: "Роббимдан ун(онам)га истиғфор айтишга изн сўрадим, изн берилмади. Унинг қабрини зиёрат қилишга изн сўрадим. Изн берилди. Бас, қабрларни зиёрат қилинглар. Чунки у охиратни эслатади", дедилар» (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Насаий ривоятлари). Ҳанафий, моликий, шофиъий, ҳанбалий фуқаҳолар қабр зиёратига жума куни чиқишни афзал деб иттифоқ қилдилар. 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким ҳар жума кун­лари ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини зиёрат қилса, гуноҳлари кечирилади ҳамда "Ота-онасининг розилигини топган", деб ёзиб қўйилади", дедилар» (Имом Табароний ривояти)

“Раддул мухтор" муаллифи Ибн Обидин (раҳматуллоҳи алайҳ) китобларида "Қабристон ва ҳаммомга ўхшаш жойларда намоз ўқиш ҳам макруҳдир. Лекин қабристон билан намоз ўқилаётган жой тўсиқ бўлса макруҳ эмас", дедилар. Абу Марсад Ғанавий (розияллоҳу анху)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «"Қабр устига ўтирманглар ва унга қараб намоз ўқиманглар" дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Қабристонда рухсат этилмаган амаллар қабрни ўпиш ва силашдан йироқ бўлиш, ухлаш, тунаб қолишдан сақланиш, қабр устидан юрмаслик, қабрни тавоф ва сажда қилиш мумкин эмас.

Хозирги даврда исломий суннат бўлмиш қабр зиёратидан қайтариётган, азиз авлиёлар ва ўтмишда яшаб ўтган олим-у-фозилларнинг қабрларини зиёрат қилишликни хатто ширкга тенглаштираётган оқимларга юқорида келтирилган хадису шарифлар хамда буюк ислом уламоларнинг фатволари муносиб ва мўжаз жавобдир. Афсуски қайсарликка мубтало бўлган киши ҳақиқатни кўришдан бебахрадир.  Яқин ўтмишда ҳукум юритган атеистлар хам халқимизнинг буюк аждодларини зиёратгохларининг бузуб вайрон қилишлик, қабристонларнинг зиёрат қилишликни хурофотга чиқариб таъқиқлаганликлари хали ёдимиздан кўтарилмади. Аслида уларнинг мақсади халқни шонли тарихидан, улуғ бобокалонларининг хотирасидан ажратиб оламонга айлантириш эди. Таажубки хозирги адашган оқимлар хам бу масалада ўзлари билиб ёки билмай атеистлар билан хам фикр бўлиб қолмоқдалар.

Аллох таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин.!

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Хошияти Тахтовий ала Мароқил фалох.
  2. Фатхи бобил иноя 1 жуз
  3. Дурул мухтор хошияти Раддул муҳтор 1 жуз
  4. Аждодлар хотираси эъзозда. А.Турсунов

             

Баходир Шарипов,
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг
Чуст туман вакили ва “Мавлоно
Лутфуллоҳ” жоме масжиди имом-хатиби