ҲАНАФИЙ МАЗХАБИ..

Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га дуруду саломлар бўлсинким, бизларни мўмин-мусулмонлар жумласидан қилиб, имон ва ихлос насиб этди ва Ўзининг энг буюк ва суюкли пайғамбарига уммат қилиб қўйди.

Яна шундай бир улуғ неъмат борки, у ҳам бўлса диёримиз мусулмонларига Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) асос солган ҳанафий мазҳабида амал ва ибодат қилишликни муваффақ этди.

Бу зоти шарифнинг исмлари Нўъмон. Оталарининг исми Собит бўлиб, ҳижрий сананинг 80-йили (милодий – 699 йил) Ироқнинг Куфа шаҳрида таваллуд топганлар. 70 йил умр кўриб, 150-ҳижрий (767-милодий) йилида Куфада вафот этганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) фиқҳ илми ҳақида марҳамат этиб шундай деганлар:

Ҳазрати Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши ушбу сўзни Расулуллоҳдан эшитганман, деб айтдилар: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни раво кўрса, уни фақиҳ (дин олими) қилади”. Дарҳақиқат, Имоми Аъзам раҳматиллоҳи алайҳга Аллоҳ таоло чиндан ҳам яхшиликни раво кўрди. Ул зотни дин илмида мумтоз қилди, мазҳабини бошқа мазҳаблардан кўра мукаммал ва мумтоз қилди.

Ҳанафий мазҳаби оддий ҳуқуқ (урф-одат)дан ҳам ҳуқуқнинг кенг мустақил ёрдамчи манбаи сифатида фойдаланади, бу ҳол ҳаётий эҳтиёжларни ва маҳаллий одатларни ҳисобга олиб ҳуқуқий қарорлар қабул қилиш имко-нини беради. Бу мазҳаб қоидалари мўътадиллиги, бирмунча юмшоқли-ги, қулайлиги, халқларнинг маҳаллий анъаналарини эътиборга олганлиги сабабли 11-асрдан бошлаб шимол ва шарққа кенг ёйилган. Кичик Осиё, Болқон, Шим. Кавказ, Қора денгиз, Волга бўйилари, Ўрта Осиё мамлакатлари, Афғонистон, Ҳиндистон ва Хитойнинг олис ҳудудларига тарқалган. Ҳозирги даврда дунё мусулмонларининг қарийб ярми, шу жумладан, юртимиз мусулмонлари Ҳанафий. мазҳабига амал қилган ҳолда мусулмончилик қонун-қоидаларини бажариб келмоқда.

 

Тожиддин Хўаханов ,
Янгиқўрғон тумани “Ёрилган” жоме
 масжиди имом хатиби