ҲАНАФИЙЛИК МАЗҲАБИНИНГ БОШҚА МАЗҲАБЛАРДАН ФАРҚЛАРИ

Улкан илм соҳиби бўлмиш Имом Абу Ҳанифа ўз мазҳабларини бино қилишда Қуръони карим, суннати набавия, ижмоъ, қиёс, саҳобаларнинг қавлларига суянадилар. Ҳукмларни чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилдилар.Уламолар бу ҳақда у кишининг ўз сўзларини иқтибос қилиб келтирадилар «Мен аввало ҳукмни Аллоҳнинг китобидан оламан, ундан топмасам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан оламан. Агар ҳам Аллоҳнинг китобида, ҳам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида топа олмасам, саҳобаларнинг гапидан бошқаникини олмайман. Гап Иброҳим, Шаъбий, Ибн Сирийн ва Ибн Мусаййибларга етганда, ўзим уларга ўхшаб ижтиҳод қиламан», деганлар. Баъзилар Абу Ҳанифа қиёсни заиф ҳадисдан устун қўяди, дейишган.

Лекин, аслини олганда, ундай эмас экан. Уламолар бу масалани ҳам ўрганиб чиқишган ва Имом Аъзам заиф ҳадисни қиёсдан устун қўяди, деган хулосага келганлар. Бунга мисоллар ҳам келтирганлар: «Намозда қаҳқаҳа билан кулса таҳорат кетиши ҳақидаги ҳадис заиф бўлса ҳам, Абу Ҳанифа уни қиёсдан устун қўйиб қабул қилганлар». Имом Абу Ҳанифанинг ўзлари бу ҳақда «Аллоҳга қасамки, ким бизни қиёсни насс (яъни, ҳадисдан) устун қўяди деса, ёлғон айтибди ва бизга туҳмат қилибди. Насс бўлгандан кейин қиёсга ҳожат қолар эдими?!» дейдилар.Имом Аъзам ўз мазҳабларида доимо мусулмонларга енгиллик бўлишининг тарафдори сифатида ижтиҳод қилганлар. Кези келганда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Ҳамма, ҳатто Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мухлислари ҳам у кишини раъй, яъни фикрий фиқҳни асосчиси дейишади ва ҳадисни кўп ишлатган имомларга муқобил қўйишади. Ҳудди бошқа имомлар ҳадисдан ҳукм чиқаришгану, имом Аъзам эса фикрларидан чиқарганга ўхшаб қолади. Менимча бу хато фикр. Бунга Имом Аъзам яшаган шароит ва бошқа омиллар сабаб бўлган бўлса керак.

Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутоала қилган ҳар бир киши буни дарҳол тушиниб етади. Аммо Али Қорининг «Мухтасари виқоя» китобига ёзган «Шарҳи Ниқоя» номли асарини ўқиган одам Ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили бор эканига ишонч ҳосил қилади. Али Қори раҳматуллоҳи алайҳининг мазкур китобларида ҳанафий мазҳабига қилинган юқоридаги тўҳматга илмий асосда жавоб берилган. У киши ҳанафий мазҳаби уламолари ҳақида сўз юрита бориб қуйидагиларни ёзади:«Билки, бизнинг уламоларимиз раҳматуллоҳи алайҳим бошқалардан кўра суннатга кўпроқ эргашадилар.

Улар мурсал (ровий саҳобийнинг номи тушиб қолган) ҳадисни қабул қилишда салаф уламоларига эргашганлар. Улар мазкур ҳадисни муснад каби деб эътиқод қиладилар. Саҳобаларнинг мурсалларини қабул қилишга барча низосиз иттифоқ қилган бўлсалар ҳам. Табарий, уламолар мурсални қабул қилишга ижмоъ қилганлар. Иккиюзинчи сананинг аввалигача бунга улардан бирортаси ҳам хилоф қилмаган, деган. Ровий ўша (биринчи хилоф қилган) киши Шофеъий бўлса керак, деди. Бунга ҳофиз Абу Амр ибн Абдулбарр ҳам ўзининг «Тамҳид» номли асарида ишора қилган. Бас, ким бизнинг асҳобларимизга суннатга хилоф қилишни ва райъ ва қиёсга эътибор беришни нисбат берса, батаҳқиқ, улкан хато қилган бўлади. Чунки бизда саҳобийга тўхтаган ҳадис қиёсдан устиндир. Шунингдек, заиф ҳадис ҳам. Бас, ким зикр қилинган нарсаларда бизга хилоф қилса, бу унинг фосид фикридан ва касодга учраган қиёсидандир».

 

Манбалар асосида тайёрланди

Ғиёсиддин ТОЖИМИРЗАЕВ,

Учқўрғон тумани “Байтул муқаддас” жоме масжиди имом-хатиби