ҲАВАС ҚИЛИНАДИГАН ОИЛА.

Бир турдаги оилалар борки, бекамукўст: данғиллама уй, энг охирги русумдаги машина, уй жиҳозлари хорижники. Уй эгалари ҳам хориж маданиятига ошно. Уларнинг наздида бу ҳозирги замон талаби. Аммо бу уйда намоз ўқилмайди, Қуръон ўқилмайди. Қуръон ўрнига мусиқа тингланади. Қуръони карим бўлса-да,  чиройли ғилофда чанг босиб, бир неча йилдан бери уйнинг юқорисига осиб қўйилган.

Ўзларини мусулмонман деб санашадию Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни суннатларига эмас, Европа маданиятига тақлид қилишади. Фарзандларини ҳам шу йўсинда тарбиялашади. Билимларни ўзлаштиришлари учун ҳамма шароитлар ва қулайликлар яратилган, таомланишлари шоҳона. Ундай оилаларни тушунчалари ва дунё қарашлари шундай: дунёга келдингми, мазза қилиб яшаб қол. Беш кунлик дунё—ўйнаб кулиб қол.

Бошқа бир турдаги оилалар бор: фақир, оддий кулбада яшашади, ҳеч қандай қулайликлари йўқ, машина улар учун орзу, аммо бу кулбада ва ундаги оиладагилардан доим нур ёғилади. Сабаби, улар Роббилари берган неъматларига доим шукур қиладилар, кунлари бир бурда нонга қолса ҳам, нолимайдилар. Фарзандларига бошқа давлатларда уйсиз, оч-наҳор, қаерга боришларини билмай юрганларни мисол қилиб, шу кунларига шукур қилишни авзал биладилар. Бу оилада доим Намоз ва Қурон ўқилган, мусиқа ўрнига Қурон тингланган, фарзандларини Европа маданиятига эмас, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни суннатларига мувофиқ тарбия қиладилар. У оилани яшашдан мақсади беш кунлик синовли дунёда Яратганни рози қиладиган йўлда юриб, ҳар қандай ҳолатда ҳам тақдирдан нолимасдан шукрона калималарини тилларидан туширмай яшайдилар.

Сиз қайси оилага ҳавас қилдингиз?

Мен бу икки оилани шундай баҳоладим:

Биринчи оиланинг “усти ялтироқ—ичи қалтироқ”...

Иккинчи оиланинг эса “усти қалтироқ—ичи ялтироқ”дир.

Сиз оилангизни мисолда кўрсатилган қайси оилага ўхшата оласиз, оилангизга қандай баҳо берасиз?   

Акмалхон Саппанов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Янгиқўрғон тумани вакили